31 май куни Президентимиз раислигида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда озиқ-овқат маҳсулотларининг кескин даражада кўтарилиб кетгани танқид остига олинди.
Нарх-навонинг кўтарилиш сабабларини пойтахтимиздаги Қўйлиқ деҳқон бозоридан ўрганишни бошладик. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи сотиладиган бозордан асл деҳқонни топиш бироз мушкул бўлди. Бозордаги кузатишлар шуни кўрсатдики, савдо қилаётганлар асосан олиб-сотарлар экан. Мантиқан ўйлаб қарайдиган бўлсак, деҳқоннинг ўзи тўғридан-тўғри бозорларга кириб кела олмас экан, маҳсулотлар нархига устама қўйилишда давом этаверади. Бозор қоидасига асосан қўлдан-қўлга ўтаверган маҳсулот қимматлашиб бораверади.
Шу боис деҳқоннинг ўзи тўғри бозорларга кириб боришига шароит яратиб бериш лозим.
Қўйлиқ деҳқон бозоридан саноқли деҳқонни ҳам топдик. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи кўтарилиб кетишининг сабабини деҳқондан яхшироқ биладиган мутахассис бўлмаса керак.
Шу боис нарх-наво кўтарилиб кетишининг сабабини деҳқоннинг ўзидан суриштириб, уларнинг деҳқончилик қилишида қандай тўсиқлар мавжудлиги билан қизиқдик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/udKYdvSF0a8" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Деҳқонларнинг айтишича ерларнинг ҳар бир гектари 10-12 миллион сўмдан бир йиллик ижарага берилаётган экан. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нарх кўтарлишига таъсир қиладиган биринчи ва энг катта омиллардан бири ҳисобланади.
Деҳқон деҳқончилик қилиши учун биринчи ўринда ер зарур. Ер эса “эгаллаб олинганлар” томонидан қиммат нархда деҳқонга ижарага берилаётгани албатта қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархига таъсир қилмасдан қолмайди.
Президентимиз ҳам бу борада бежизга ҳокимларга қарата гапирмаяпти. Ҳокимлар ерни асл эгасига беришни уддасидан чиқа олмаяпти шекилли, ерлар деҳқончиликдан бехабар тадбиркорлар қўлида йиғилиб қолмоқда.
Албатта ерни ижарага олиб экин экилган билан ўзи ҳосилга кирмайди. Қора меҳнат билан бирга пулга сотиб олиш керк бўлган яна бошқа омиллар ҳам бор экан.
Деҳқонларнинг айтишича, уларнинг олдидаги иккинчи катта муаммо – минерал ўғитларнинг нархи кўтарилиб кетиши экан. Ўғитларсиз деҳқоннинг меҳнати самара бермай қолади албатта. Деҳқон экинлар учун зарур бўладиган аммофоснинг бир қопини 450 000 сўм, азотни 250 000 сўмдан сотиб олишга мажбурдир. Ундан ташқари бошқа минерал ўғитлар ҳам зарур бўлади.
Деҳқон билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини бир бора эшитиб кўрсангиз деҳқончилик билан шуғулланмаганингизга шукурлар айтасиз. Ернинг гектарини 10-12 миллион сўмдан ижарага олаётганини эшитиб, жойлардаги ҳокимлар нима билан шуғулланишяпти экан деган савол пайдо бўлиши аниқ.
Меҳнатдан қочмайдиган деҳқонларимиз картошкани аслида экспорт қилиши керак эмасми? Аммо биз импорт қилмоқдамиз. Бу албатта қишлоқ хўжалигига бироз беътиборликнинг натижаси эмасмикин?
Ш.Отабоев, Ё.Мелибоев (видео), ЎзА