Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деҳқонга келганда пулимиз етмай қоладими?..
16:04 / 2021-05-23

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламентдаги фракцияси йиғилишида «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси қизғин тус олди. Қонун лойиҳасига фракция таклифи масъул қўмита томонидан ҳисобга олинмагани эътирозга сабаб бўлди.

ГАП НИМАДА?

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасида «1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади», деб белгиланган.

Мисол учун, собиқ жамоа хўжалигида 1980 йилда эркаклар учун 220 кун, аёллар учун 160 кун меҳнат минимуми ўрнатилган. Ўша йилларда қишлоқ хўжалигида меъёр (норма)ларни бажаришга талаб қаттиқлиги ҳисобга олинса, аксарият ишчи-ходимлар меҳнат минимумини бажаришган. Лекин йиллар ўтиб, улар пенсияга чиқиш пайтида собиқ жамоа хўжалигининг бу ҳақдаги қарорини тақдим эта олишмаган. Бунинг асосий сабаби, меҳнат минимуми тўғрисидаги қарорлар ўз вақтида архивга топширилмаган ёки йўқолган. Аммо бу ҳолатда меҳнат мажбуриятини бажарган, пенсия ёшига етган фуқароларимиз айбдор эмас. Улар тизимдаги камчилик туфайли йиллар давомида жабр кўрмоқда.

Айнан мазкур норма туфайли қишлоқ хўжалигида меҳнат қилган фуқароларга ўша вақтларда бошқа соҳаларда ишлаган кишиларга 2-3 баробар кам пенсия ҳисобланмоқда ва бу ҳолат ижтимоий адолат тамойилларига мутлақо тўғри келмайди.

ЎзХДП фракцияси шунинг учун «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасига “жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқишда ушбу йилдаги меҳнат билан қатнашиш кунлари сонидан қатъи назар, ҳар бир ишлаб берилган йил иш стажига бир календарь йил сифатида қабул қилинади» мазмунидаги меъёр киритишни таклиф қилди. Лекин масъул қўмита мутасадди ташкилотлар билан маслаҳатлашган шекилли, бу таклифни қабул қилмабди.

Таклиф бўйича Молия вазирлигининг муносабати сўралганида, турли асоссиз важлар келтирилди, хусусан, пенсия жамғармасининг молиявий имкониятлари камайгани кўрсатилди. Қишнинг қаҳратонида, ёзнинг жазирамасида оғир меҳнат қилиб, пенсия камлиги туфайли қарилик чоғида ҳам муаммоларга дуч келаётган минглаб отахон ва онахонларга келганда пул етмасмиш. Бу қандай муносабат? Маблағ етишмаслигидан нега пенционерлар азият чекиши керак?.. Фракция аъзоларининг бу саволлари ҳозирча жавобсиз қоляпти.

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати