Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деҳқончиликнинг сири меҳнат ва илмда
12:46 / 2024-06-13

Фарғона вилоятининг маърифатпарвар шоир Фурқат номи билан аталувчи тумани бепоён дашту далалари, сўлим табиати, ер билан тиллашиш ва диллашиш борасида катта ҳаётий тажрибага эга миришкорлари билан танилган.

Бу йил туманда пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган қарийб 200 та фермер хўжалиги томонидан 6400 гектар ерда ғалла етиштирилиб, айни кунларда элимизнинг ризқ насибаси уюшқоқлик билан йиғиб олинмоқда. Шу мақсадда туманда 28 ғалла ўрим–йиғим отряди ташкил этилиб, 28 та юқори унумли комбайнлар мавсум юмушларига жалб этилган. Туманнинг Қолгандарё массивида жойлашган 1600 гектардан ортиқ экин майдонида деҳқончилик қилиш осон эмас. Дашт чўл ҳудудида доимий ноқулай об – ҳаво ва қийинчиликлар фермер хўжаликларининг матонатини синовдан ўтказади.  

Аммо сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар туфайли  ушбу ҳудудда деҳқончилик маданияти ва шунга яраша даромад салмоғи ошиб бормоқда. Қолгандарё массивида бугунги кунда ҳар гектар ғалла майдонидан 85–100, пахтадан 45–50 центнер ҳосил олишга муваффақ бўлаётган фермер хўжаликлари сони тобора кўпаймоқда. Бу борада илм-фан ютуқлари инновация ғояларидан унумли фойдаланиш кутилган самарани бераётир.  

Олтиариқ тажрибаси асосида дала четларида узумзорлар барпо этиш, аҳоли томорқаларида Сайхунобод тажрибаси бўйича серҳосил ва даромадли экинлар экишга жиддий эътибор қаратиляпти. Натижада ғалла ва пахтадан ташқари чорвачилик, дуккакли экинлар, иссиқхона хўжаликлари катта даромад манбаига айланди.  

Айни жараёнда “Фурқатдон” ва “Истиқболли ғалла” ғаллачилик кластери билан ҳамкорликда маҳаллий иқлим шароитига мос янги ғалла ва пахта навларни экишни кўпайтириш, шу орқали даромад салмоғини ошириш доимий эътиборда. Хусусан, жорий йилда ғаллачилик тармоғида хориждан келтирилган бир неча истиқболли навлар бўйича илмий-амалий тажрибалар олиб борилаётган бўлса, 514 гектар ерда Хитойдан олиб келинган янги пахта нави синовдан ўтказиляпти. Туман пиллакорлари 3338 қути маҳаллий ва хориждан келтирилган ипак қурти боқиб, вилоятда учинчи бўлиб шартнома режасини бажарди ва 203 тонна “кумуш тола” териб олинди.    

– Инновацион ёндашувлар туфайли биргина жорий йилнинг ўзида 400 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб ҳамда 100 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди, – дейди Фурқат тумани ҳокими ўринбосари Тоиржон Сиддиқов. – Шунингдек, ёшларга 260 гектар ер ажратиб берилди ва 1000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Туманнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, қолаверса, сув ресурсларини тежаш мақсадида ёшларга берилган ерларда дуккакли экинлар, мисол учун, мош етиштириш ва хорижга экспорт қилиш мақсад қилинган. “Фурқатдон” ғаллачилик кластери томонидан ташкил этилган ун заводида эса 65 нафар маҳаллий ёшлар доимий иш ўрни билан таъминланди.        

“Шаббода Н” фермер хўжалиги раҳбари Сафарали Ғаниев янгича ёндашувлари туфайли кейинги йилларда Қолгандарё ҳудудида ғалланинг ҳар гектаридан 100, пахтадан 50 центнердан зиёд ҳосил олмоқда. Хўжаликда Хитой пахта навини парваришлаш ҳам тажрибадан яхши ўтди. Ҳозирда тажрибали фермер 7 та янги пахта терим машинаси олиб келиш ҳаракатида. Боиси жорий деҳқончилик йилида туманда 5130 гектар ерда пахта парваришланяпти. Ҳосилни тез ва сифатли йиғиб олиш учун тармоқни механизациялаштириш ҳаётий зарурат ҳисобланади.  

Қолгандарё массивидаги “Ҳайитбой ота” фермер хўжалигида 60 гектар ерда “Султон” навли пахта парваришланиб, унинг 25 гектарида томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган. Бугун илк ҳосил нишоналари бўй кўрсатиб, пахта гуллади. “Саримсоқов Рустамжон” фермер хўжалигини ака-укалар аҳилликда бошқариб, пахта, ғалла, чорвачилик, асаларичиликдан яхши даромад олади. Фермернинг фарзанди Рашиджон Рустамов 20 ёшда, уч йилдан буён хўжалик тасарруфидаги қишлоқ хўжалиги техникаларини мустақил равишда бошқаради. Рашиджон бу йил Фарғона шаҳрида жойлашган Ўзбекистон – Корея университетини машинасозлик йўналиши бўйича тамомлайди.  

Мухтасар айтганда, фурқатликларнинг фидойи меҳнати қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларга янги куч ва шижоат бахш этмоқда. Энг асосийси, соҳага янги инновацион технологиялар, илм билан ёндашилаётгани ўз самарасини бермоқда.  

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири