Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон ҳўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан фермерлар ва кластерларнинг паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдони 2022-2025 йилларда захирага қайтарилади.
Захирага қайтарилган ерлар сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш учун фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача электрон танлов орқали ижарага берилади.
Ижарага беришда деҳқончиликда яхши натижаларга эришган, мутахассисликка эга, “дафтар”ларга киритилган эҳтиёжманд оилаларга имтиёзлар берилади.
100 млн. доллар пул банкларга миллий валютада 3 йил имтиёзли давр билан 10 йилга 10 фоиз ставкада жойлаштирилади.
Кадастр агентлиги хабарига кўра, кредитлар деҳқон ва фермерларга 100 млн. сўмгача 14% ставкада берилади. Хусусан, кичик интенсив боғ ва узумчилик учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка ва сабзавотчиликка 3 ойгача имтиёзли давр билан 2 йилгача ажратилади.
Кредитлар янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари ёзма тавсиясига асосан берилади.
З.Мирзабоева, ЎзА