Президент топшириғи амалда
Кейинги йиллар мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида кооперацияни йўлга қўйиш, замонавий ресурс тежамкор технологиялар асосида юқори сифатли, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Тошкент вилоятида ҳам мева-сабзавот етиштириш, уларни қайта ишловчи кўп тармоқли фермер ва томорқа хўжаликлари, оилавий тадбиркорлар сафи йил сайин ортмоқда. Президентимиз раислигида мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.

Шуни алоҳида эътиборга олиб, масъуллар томонидан жойларда иссиқхоначилик билан шуғулланадиган тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари вакиллари иштирокида семинарлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Қибрай туманида ташкил этилган мулоқотда 300 нафардан ортиқ иссиқхона эгалари, тижорат банклари масъуллари ҳамда йўналишга алоқадор бир қатор ташкилот раҳбарлари қатнашди.

Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги раҳбарлар мавжуд муаммоларни муҳокама қилиб, ҳал этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилди. Маълумот учун, бугунги кунда ҳудуд бўйича жами 679 та иссиқхона бўлиб, 1 минг 97 гектар майдонда маҳсулот етиштириш йўлга қўйилган. Жумладан, Ўрта Чирчиқ туманида ҳам жорий йилнинг биринчи яримида деҳқончилик маҳсулотларининг ҳажми 352,4 миллиард сўмни ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 109,1 фоизни ташкил қилди. Ҳозир ҳудудда 115,4 гектар иссиқхоналар ташкил этилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур ҳудуд бўйича етиштирилган мева-сабзавот, узум маҳсулотларининг 30 фоизи қайта ишлашга, 10 фоизи экспортга, 48 фоизи ички истеъмол ва бозорларга, 12 фоизи эса захира ва уруғлик фондига олинади. Тумандаги “Уйғур” маҳалла фуқаролар йиғини иссиқхоначиликка ихтисослаштирилмоқда.

Шу ерлик ёш оилавий тадбиркор Ҳаким Мамадов давлатимиз томонидан берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, ўз томорқасида беш сотих иссиқхона ташкил қилди.
– Шу кунларда турли кўкатлар ва карам кўчатларини парваришлаяпмиз, – дейди Ҳ.Мамадов. – Ҳосилимиз ички бозордан ортмайди. Даромадимиз яхши. Келгусида фаолиятимни кенгайтиришни режалаштирдим. Мақсадларим катта.

Янгийўл тумани Шўралисой қишлоғида Италия услубида помидор қоқисини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа ҳам Тошкент вилояти учун ўзига хос янгилик. Помидор қоқилари “Yangiyoʻl agrostar” МЧЖ томонидан тайёрланмоқда. Бу туманда ўтган йил 2,8 минг гектар ер майдонида помидор, булғор қалампири, кўкат етиштирилган эди. Йил охиригача эса 4,7 минг гектарда маҳсулот етиштириш қайта тасдиқланди ва экилиши таъминланди. Бунинг учун Италиянинг “AREAFREDDA SRL” корхонаси билан ҳамкорлик шартномаси имзоланган.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида Янгийўл туманида бўш турган ер майдонида қуритиш учун жой танлаб олинган ва мутахассислар томонидан маҳаллий ишчиларга қоқи тайёрлаш ўргатилди. Жумладан, 2 гектар ер майдонига қоқини қуритиш столлари ясалиб, ҳозиргача 130 тонна помидор қоқи учун кесиб ёйилди.
Ҳозирда тайёр ҳолатга келтирилган 4,5 тонна қоқи маҳсулоти музхона омборларида сақланмоқда. Мавсум якунигача яна 2 минг 300 тонна помидор маҳсулотини табиий усулда қуритиш ва Италияга 200 тоннадан ортиқ помидор қоқисини экспорт қилиш режалаштирилган.
А.Мусаев,ЎзА.