English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деҳқон учун ердан қадрли ва бебаҳо неъмат йўқ
18:04 / 2022-08-24

Оддий қишлоқ оиласида вояга етган Омадхон Ҳамидова ёшлигидан меҳнат билан ўсди.

Ерга меҳр унга ота-онасидан ўтган. Айниқса, моҳир пиллакор раҳматли онаси Турсинхон аядан меҳнаткашлик, ҳалоллик, сабр-тоқатлилик, қўйингки, жуда кўп инсоний фазилатларни ўрганди.  

У Андижон туманидаги 44-ўрта таълим мактабини, кейин Андижон пахтачилик (ҳозирги Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар) институтининг агрономия факультетини тамомлаб, узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритди. 1997 йилда эса фермер хўжалиги ташкил этиб, хўжаликка раҳбарлик қилиб келмоқда. Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши, илм-фан, тадбиркорлик, фермерлик умуман, барча соҳаларда ўз салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариши учун кенг имкониятлар берилган. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб юксак марраларга эришаётган опа-сингилларимиз сафи эса йилдан йилга ортиб бормоқда.  

Андижон туманидаги “Омад – 97” фермер хўжалиги раҳбари Омадхон Ҳамидова ҳам кўплаб ютуқларга эришаётган замондошларимиздан бири. У раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги 1997 йилда ташкил этилган. Дастлабки йилларда хўжаликда фақат пахта ва ғалла етиштирилган. Кейинчалик хўжалик кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилди. 

– Деҳқон учун ердан қадрли ва бебаҳо неъмат йўқ, – дейди фермер Омадхон Ҳамидова. – Унинг калити эса ҳақиқий ер эгасининг қўлида. Шу маънода ер соҳиби шундай бўлиши керакки, ундан ўзи ҳам, жамият ҳам манфаат кўрсин. Ҳозирда хўжалигимиз 127 гектар ер майдонида деҳқончилик қилади. Шундан 32 гектар майдонда пахта, 70 гектарда ғалла, 23,5 гектар майдонда полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бундан ташқари, 1,5 гектар майдонда иссиқхона барпо этилган. Ўтган йиллар давомида хўжалик пахта, ғалла етиштириш бўйича белгиланган давлат режаларини ҳамиша ортиғи билан бажариб келди. Ўтган йили ғалладан 70, пахтадан 40 центнердан, мева-сабзавотлардан ҳам мўл ҳосил олинди. Жорий йилда ҳам ғалладан мўл ҳосил олинди. Пахтанинг “Ан – 35” нави парваришланмоқда. Бугун пахталар қийғос очилган. Насиб этса, пахтадан ҳам юқори ҳосил олинади.  

Хўжалик меҳнатига яраша ҳар йили яхшигина даромад олади. Энг асосийси, юқори ҳосил олиш учун барча омиллар мавжуд. Энг аввало, деҳқончилик илмининг профессори даражасига етган уста деҳқонлар иш олиб боради. Қолаверса, лизинг асосида сотиб олинган АҚШ, Германия, Беларусь давлатларида ишлаб чиқарилган қатор-қатор тракторлар, сеялкалар мавжуд. Бундан ташқари, нафақат пахта, ғалла, балки полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялари институти олимлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Олимларнинг тавсия ва маслаҳатлари, деҳқончилик жараёнига илм-фан ютуқларини жорий этиб борилаётганлиги ҳам юқори самара бермоқда.  

– Президентимиз халқимизга кенг имкониятлар эшигини очиб берди, – дейди фермер. – Айниқса, тадбиркорлик қиламан, янги иш ўрни яратаман деган одамга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Уни ҳамма, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Яратилган ана шу имкониятлар мен каби фермерларга қанот бағишламоқда. Имкониятларни ишга солиб, фаолиятимизни янада самаралироқ олиб боришга ҳаракат қиляпмиз.  
Хўжаликда 1,5 гектар майдонда иссиқхона барпо этилган. Иссиқхонада йилига икки, уч марта ҳосил олинади. Иссиқхоналарда етиштирилган помидори, бодринг, булғор қалампири, карам ва кўкатлар эрта баҳордан кеч кузга қадар бозорларга етказиб берилади.  

– Бир неча иссиқхонада хориждан келтирилган “Кичик атиргул” (Мини-роза”) навли атиргул кўчатини кўпайтирамиз, – дейди Омадхон опа

Ҳамидова. – Атиргулнинг ушбу нави қишин-ёзин очилиб туриши, турли касалликлар, совуққа ҳам, иссиқ ҳам чидамлилиги учун анча харидоргир. Мана икки йилдирки ушбу гул кўчатини кўпайтириб сотяпмиз. 

[gallery-8473]

Фермер хўжалигининг 70 нафар доимий аъзоси бўлса, яна 50 нафар киши мавсумий ишларга жалб этилади. Уларга меҳнатларига яраша иш ҳақи тўлаб борилади. Деҳқончилик ортидан нафақат фермер, балки хўжалик аъзолари ҳам кам бўлаётгани йўқ. Топаётган даромадлари ортидан янги уйлар қуряпти, тўйлар қиляпти. Манфаатдорлик яхши бўлганидан сўнг, ишлар самараси, шижоат ҳам шунга яраша юқори бўлмоқда.  

– Икки нафар фарзандим бор, – дейди хўжалик аъзоси Айшахон Эгамбердиева. – Хўжаликда ишлаб, уларни уйлаб-жойладим. Қурилишлар, тўйлар қилганимда раҳбаримиз Омадхон опа ҳамиша ёнимда турди, моддий-маънавий кўмак берди. Опага мингдан минг раҳмат, бирор бир аъзосини норози қилгани йўқ. Керак пайтда ҳамиша ёрдам беради. Чунки у деҳқоннинг, деҳқончиликнинг машаққатларини яхши билади, уларнинг меҳнатини қадрлайди.  

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Омадхон опа Ҳамидова хайр-саховат ишларида ҳам ҳамиша пешқадам. У ўзи яшаётган Қурама маҳалласининг қатор кўчаларини ўз маблағи ҳисобидан асфальтлади, ичимлик сув тушириб берди. Маҳалладошлари хонадонида тўй бўладими, аза бўладими имкон қадар уларга моддий ёрдам беради. Халқимиз “Аёл кишининг қадами етган саҳро бўстонга, қўли теккан тикан гулга айланади” деган ибратли гапни бежиз айтмаган. Зеро, фарзандлар тарбияси, оила, рўзғор ташвишларидан ортиб, зукколик, тежамкорлик, ишбилармонлик ила меҳнат қилаётган аёлларимиз рўзғорга барака, ҳаётимизга кўрк бўлаётгани айни ҳақиқатдир.  
Деҳқончилик илмининг профессори даражасига етган Омадхон опанинг самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб баҳоланган.

Опа фаолияти давомида “Шуҳрат” медали, “Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор” унвонлари билан тақдирланган. Уч нафар фарзанд, 10 нафар набира, 7 нафар чеваранинг суюклиси, дуогўйи бўлган Омадхон опа бугун етмиш ёшни қоралаган бўлса-да эрта тонгдан кеч оқшомгача даласидан келмайди. Даладаги ҳамма ишга ўзи бош-қош. Чунки у меҳнат қилмасдан, уйида тинч ўтира олмайди.  

– Мустақиллик менинг тақдиримда ўчмас из қолдирди, уни оддий сўзлар билан таърифлай олмайман, – дейди Омадхон опа. – Фермер бўлиб кам бўлмадим, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим. Оилам тинч, топаётган даромадим ёмон эмас. Энг асосийси, одамларга, юртимга фойдам тегяпти. Фарзандларим, набираларим кўрки, камолидан куч оламан, қувонаман. Аёл киши, айниқса, ўзбек аёли учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ҳаётимни сарҳисоб қилиб, оддий бир деҳқон аёл сифатида жуда мамнунман. Энг муҳими, озод ва обод юртимизда меҳнат қилган инсон албатта, ҳурмат ва қадр топишини чин дилдан ҳис этаман. 

Фахриддин Убайдуллаев, 

Зухриддин Умрзоқов(сурат) ,ЎзА