English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деҳқон бозорларида ўз ечимини топмаётган қандай масалалар бор?
16:34 / 2022-06-17

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова республикамиздаги деҳқон бозорларининг санитария-техник ҳолати ҳамда жорий йилнинг беш ойи давомида ўтказилган текширувлар ва кўрилган чоралар тўғрисида маълумот берди.

Унга кўра, республикамиздаги 279 та деҳқон бозорига 558 нафар малакали мутахассислар бириктирилиб, 61 та деҳқон бозорида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши устидан назорат ўтказилган.

73 нафар мансабдор ва жавобгар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун ҳудудий судларга юборилган. Тиббий кўрикдан ўтмаган 72 нафар сотувчи аниқланиб, тиббий кўрикдан ўтиши ташкил этилди.

Гўшт, сут, қандолат, салат ва нон маҳсулотларини савдо расталаридан ташқарида, аравачаларда, махсус кийимларсиз, тиббий кўрикдан ўтмасдан, санитария қоидаларига зид равишда савдо қилаётган 158 нафар фуқарога маъмурий баённома тузилиб, ўрнатилган тартибда жаримага тортилди.

Сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган, яроқлилик муддати ўтган, органолептик кўрсатгичлари бўйича нормаларга жавоб бермайдиган 440198,5 кг. озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси тақиқланиб, ўрнатилган тартибда браковка қилинди.

Деҳқон бозорларида бугунги кунга қадар ўз ечимини топмаётган масалалар ҳам бор.

56 та деҳқон бозорида сув таъминоти киритилмаган. Жумладан, Самарқанд вилоятидаги 53 та деҳқон бозоридан 24 тасида, Жиззах вилоятидаги 23 та деҳқон бозоридан 7 тасида, Қашқадарё вилоятидаги 17 та деҳқон бозоридан 6 тасида сув таъминоти йўқ.

Деҳқон бозорларининг 152 тасида оқова сувларни йиғиш тизими мавжуд эмас. Жумладан, Самарқанд вилоятидаги 43 та, Жиззах вилоятидаги 18 та, Андижон вилоятидаги 17 та деҳқон бозорида оқова сув тизими талабга жавоб бермайди.

88 та деҳқон бозорида гўшт сотиш учун махсус жиҳозланган павильонлар ташкил этилмаган: Самарқанд вилоятидаги 53 та деҳқон бозордан 22 тасида, Жиззах вилоятидаги 23 та деҳқон бозоридан 11 тасида, Сурхондарё вилоятидаги 20 та деҳқон бозоридан 11 тасида гўшт сотиш учун махсус жиҳозланган павильонлар мавжуд эмас.

123 та деҳқон бозорида, яъни Самарқанд вилоятида 31 та, Сурхондарё вилоятида 13 та, Тошкент вилоятида 12 та деҳқон бозорида сут ва сут маҳсулотларини сотиш учун махсус жиҳозланган павильонлар ташкил этилмаган.

Шунингдек, республикадаги 30 та деҳқон бозорида ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари, 11 та деҳқон бозорида чиқиндиларни вақтинча йиғиш учун махсус чиқиндихоналар йўқ, 61 та деҳқон бозорида дезинфекция, дезартизация ва дезинсекция тадбирларини ўтказиш учун ваколатли ташкилотлар билан шартномалар тузилмаган.

Моҳигул Қосимова, ЎзА