Ҳиндистон ва Канада ўртасидаги музокара йиллар давомида охирги босқичда тўхтаб қолган эди. Энди эса аниқ муддат белгиланди: томонлар йил якунига қадар кенг қамровли иқтисодий шериклик келишувини имзолашга келишиб олди. Деҳлидаги учрашувдан сўнг Марк Карни бу мақсад “жиддий ва шу билан бирга зарур”лигини таъкидлади.
Энг диққатга сазовор битим – узоқ муддатли уран таъминоти бўйича келишув. Ҳиндистонда 2050 йилга бориб икки баробар ошиши кутилаётган энергия эҳтиёжи асосан атом энергетикасига таянади. Барқарор уран етказиб бериш умумий режанинг ҳал қилувчи қисми. Оттава учун эса бу миллиардлаб долларлик шартнома ва Деҳли билан ўзаро ишонч тикланишидир.
Томонлар муҳим минераллар, тоза энергия, коинот, олий таълим ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорликни ҳам кучайтиришга қарор қилган. Чип ишлаб чиқариш қуввати оширилишини стратегик вазифа этиб белгилаган Ҳиндистон учун Канада билан таъминот занжири шериклиги Хитойга боғлиқликни қисқартириш имконини беради.
Ҳарбий соҳада ҳам янги йўналиш очилди. Карни Ҳинд-Тинч океанида денгиз ҳамкорлиги ҳақида гапирди. Ушбу қадам Пекиннинг минтақадаги таъсирига ишора сифатида қабул қилинмоқда. Дарвоқе, Оттава Пекин билан муносабатни ҳам яхшилашга интилмоқда. Демак, мувозанатли сиёсат давом этади.
Мазкур учрашув 2023 йилдаги дипломатик инқироздан сўнг муносабатни тиклашга уринишдир. Ўша пайт Канада ҳукумати Ҳиндистонда сикҳ етакчиси ўлдирилиши билан боғлиқ “ишончли гумонлар”ни илгари сурган. Ҳозирги босқичда эса ҳар икки томон прагматик ёндашувни танлади. Карни нутқини "Свами Вивекананда" ибораси билан якунлаб, “мақсадга етмагунча тўхтамаслик” лозимлигини таъкидлади. Бу икки йирик давлат шериклигида янги босқич бошланаётганига рамзий ишорадек.
Мусулмон Зиё, ЎзА