Ўзбекистонлик вакиллар Деҳлининг Springdales School ўрта мактабида бўлиб ўтган Дўстлик ва тинчлик халқаро болалар фестивалида фаол иштирок этди.
Ушбу халқаро мактабда маҳаллий болалар қатори кўплаб хорижий давлатлар, жумладан Ўзбекистондан келган тенгдошлари ҳам таҳсил олади.
Юртимиз вакиллари таълим жараёнига катта масъулият билан ёндашиб, юксак натижаларни қайд этмоқда. Мактаб ўқитувчилари ёш ватандошларимиз ҳақида ҳамиша ижобий фикрда. Қолаверса, ўзбекистонлик ёшлар таълим муассасасининг ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб, турли тадбирларда ўзбек халқининг миллий анъаналари ва маданиятини тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бу галги Дўстлик ва тинчлик халқаро болалар фестивали иштирокчилари ва меҳмонлари Ўзбекистоннинг ранг-баранг ва бой маданий қадриятлари билан танишиб, ўзбек болалари ижросидаги миллий рақс ва қўшиқлардан баҳраманд бўлди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА