Ҳиндистоннинг етакчи савдо-саноат палаталаридан бири – “PHD Chamber of Commerce and Industry” (PHD CCI) майдонида Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий имкониятларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ҳиндистоннинг 20 дан ортиқ етакчи компанияси раҳбарлари ва вакиллари иштирок этганлиги ҳинд ишбилармон доираларининг мамлакатимиз бозорига бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.

Тақдимот давомида дипломатик миссия вакиллари ва Оролбўйидан келган экспертлар ҳиндистонлик шерикларни Ўзбекистонда хорижий инвестициялар учун қулай муҳит яратаётган изчил ислоҳотлар билан атрофлича таништирди.
Муҳокамаларнинг марказий мавзуси Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун тақдим этилаётган ноёб имкониятлар бўлди. Ҳиндистон бизнес ҳамжамияти вакилларига Оролбўйида хорижлик инвесторлар фойдаланиши мумкин бўлган асосий афзалликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Хусусан, давра суҳбатида Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикаси учун яратилган имкониятлар, қўшимча солиқ ва божхона имтиёзларини назарда тутувчи махсус ҳуқуқий режим, тайёр инфратузилмага эга махсус иқтисодий зоналар ва саноат паркларида корхоналар ташкил этиш имкониятлари, ер ижарасининг имтиёзли шартлари ҳамда лойиҳаларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақида сўз юритилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири