Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистонда бўлди
Жорий йил 4-5 май кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Ҳиндистонга ташриф буюрди.
Учрашувда тузилма доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, долзарб минтақавий ҳамда халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Қайд этилишича, аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига тайёргарлик кўришнинг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари кўриб чиқилди. Вазирлар 2023 йил июль ойида бўлиб ўтадиган Деҳли саммити давомида имзоланиши таклиф этилган ҳужжатлар лойиҳасини маъқуллашди.
Мулоқот чоғида, шунингдек, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, изчил тараққиётни қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа кўплаб масалаларни қамраб олган ШҲТ кенг кўламли кун тартибига эътибор қаратилган.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазирлари Субраманям Жайшанкар ва Билавал Бхутто Зардорий билан ҳам икки томонлама музокаралар ўтказган.
Анжуманда мамлакатимизнинг ушбу давлатлар билан сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишларда ва минтақалараро муносабатда ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинган.
Жумладан, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири билан бўлган учрашув изчил тараққий этаётган Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлигини сарҳисоб қилишга имкон яратган. Иқтисодий ва маданий соҳаларни мустаҳкамлаш, фаол ҳудудлараро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган ҳолда истиқболдаги алоқаларимизни ривожлантириш бўйича фикр алмашилган.
Ҳиндистоннинг Гоа штатида Покистон ташқи ишлар вазири билан ўтган мулоқот эса барча соҳаларда Ўзбекистон – Покистон ҳамкорлигининг улкан ва айни пайтда тўлиқ кашф этилмаган салоҳиятидан кенг фойдаланиш масалаларига бағишланган.
Б.Худойбердиев, ЎзА