Деҳли. Ҳумоюн мақбараси (+видео)
Ҳиндистондаги меъморий ёдгорлик XVI аср иккинчи ярмида Деҳли шаҳрида Ҳумоюннинг ўғли Акбаршоҳ томонидан қурилган. Мақбара мурабба тарҳли қизил қумтош ва оқ мармардан бунёд этилган бўлиб икки қаватдан иборат. Пастки қаватига равоқлар қатори ишланган. Иккинчи қавати асосий бино. Уч қисмдан иборат бўлиб, бош тарзи пештоқ-равоқли, марказий хона қўш гумбазли, унинг ёнидаги доира-кўшк шаклидаги хоналар тепасига гумбазли қафасалар ишланган. Мақбаранинг ўзи атрофи девор билан ўралган чорбоғнинг марказида жойлашган. Чорбоғ ҳудуди ариқлар билан бўлакларга бўлинган чорчамонлар, кўкаламзорлардан ташкил топган. Мақбара чорбоғ кенглиги билан ўзаро уйғун, аниқ ва гўзал ечимини топганлиги билан диққатга сазовор. Мақбаранинг марказий гумбазли мужассамотида Ўрта Осиё ва Эрон меъморчилигининг таъсири сезилади. Ҳумоюн мақбараси кейинчалик бунёд этилган Тожмаҳал учун намуна вазифасини ўтаган.


<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/pOHbKzOtvY8?si=R0JH22T7gJc7Ghcw" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов,
Тасвирчи: Элёр Олимов,
ЎзА