Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деградацияга учраган яйловлар ҳолатини яхшилаш мақсадида халқаро ҳамкорлик
10:29 / 2022-01-22

Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси мамлакатимизда пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасини ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида қатор ишларни амалга ошириб, амалий натижаларга эришмоқда.

Шунга кўра, қўмита томонидан ҳудудлардаги айрим деградацияга учраган яйловлар ҳолатини яхшилаш, ушбу йўналишдаги мутахассислар малакасини ошириш, чўл-яйловлардан барқарор фойдаланиш ва экологик жиҳатдан қайта тиклаш мақсадида Германиянинг “Succow Foundation” табиатни муҳофаза қилиш фонди билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган. 

Пойтахтимизда икки ташкилот ҳамкорлигининг давомий босқичи сифатида “Ўзбекистонда иқлимни молиялаштириш воситалари орқали чўл яйловларини тиклаш ва улардан барқарор фойдаланиш” мавзуидаги ўқув-семинари бўлиб ўтди. 

Cеминарда “Иқлим ўзгаришини юмшатишда чўл яйловларнинг салоҳияти”, “Ўзбекистон яйловларининг ҳолати ва уларни яхшилаш йўллари”, “Чўл яйловларини бошқаришдаги долзарб муаммолар ва халқаро тажриба” мавзуларида маърузалар тингланди. 

Қайд этилганидек, ишлаб чиқилаётган лойиҳа мақсади Ўзбекистондаги чўл яйловларини тиклаш ва улардан барқарор фойдаланиш учун иқлим фондларини жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқишдан иборат. 

Инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардан бири иқлим ўзгаришидир. Иқлим ўзгариши ёғингарчиликнинг камайишига, қурғоқчиликнинг давомийлиги ва интенсивлигининг ошишига, табиий офатларнинг частотаси ва хавфининг ошишига олиб келади. Маълумотларга кўра, Марказий Осиёдаги табиий офатлардан келиб чиқадиган ўртача йиллик йўқотиш ва зарар 10 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Яйловларнинг деградацияси чорвачиликни ривожлантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга жиддий таъсир кўрсатади. 

Қишлоқлар, қишлоқ хўжалиги ерлари, темир йўллар, автомобиль йўллари, электр узатиш линиялари, нефт ва газ қувурларига жиддий таъсир кўрсатадиган қум бўронлари ҳам деградацияга учраган яйловлар сабабли бўлади. Иқлим фондларини ушбу соҳага жалб қилиш глобал муаммолар сифатида аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал қилишга сезиларли ҳисса қўшиши мумкин. 

– Ҳозирги кунда, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тасарруфида жами 17 416 минг гектар яйлов ер майдонлари мавжуд, – деди Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Юсупов. – Шундан ўртача 8 360 минг гектари турли даражада деградацияга учраган яйлов майдонлари ҳисобланади. Яйловлар деградациясининг асосий сабаблари алмашлаб боқишни ташкил этилмаганлиги, загон усулидан фойдаланишни йўлга қўйилмаганлиги, бундан ташқари йил мавсумининг қандай келиши ҳисобланади. Деградация оқибатида яйловлар ҳосилдорлиги кескин пасайишига, ўсимликлар биохилма-хиллигини ва чорва моллари озуқа базасини камайишига сабаб бўлади. Бу ҳолатнинг олдини олиш ва бартараф этишда халқаро тажрибалар ҳам самара беради. 

Гулноза Бобоева, ЎзА