Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дефолиация – муҳим агротехник тадбир
17:12 / 2017-08-31

Элликқалъа тумани марказий машина-трактор паркида ғўза дефолиациясини сифатли ўтказишга бағишланган амалий семинар-кенгаш бўлиб ўтди.

Элликқалъа тумани марказий машина-трактор паркида ғўза дефолиациясини сифатли ўтказишга бағишланган амалий семинар-кенгаш бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси барча туманларининг муқобил машина-трактор парклари, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш идоралари раҳбарлари, энтомолог-агрономлар иштирок этган тадбирда йиғим-теримга тайёргарлик кўриш ишларида ғўза дефолиацияси муҳим агротехник тадбирлардан бири экани таъкидланди. Бу тадбир ўз вақтида ва меъёрида ўтказилганда ғўза барглари тўлиқ тўкилиб, кўсак 10-15 кун эрта пишиб етилади. Ҳосилнинг биринчи терим салмоғи 15-20 фоизга ошиб, хомашё сифати юқори бўлади.

Элликқалъа туманида жорий йилда 11 минг 850 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Шундан 9 минг 200 гектари дефолиация қилинади.

– Бунинг учун 13 отряд тузилиб, 41 ОВХ пуркагич, 54 техника ажратилди, – дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Олимбой Сейтимбетов. – Ғўза дефолиациясини ўтказишдан олдин пахта даласи синчиклаб ўрганилиб, ўсимликнинг бир хил ривожлангани ва биологик етилгани инобатга олинмоқда.

Жорий йилда 92,1 минг гектар майдонда ғўза парваришлаётган қорақалпоғистонлик фермерлар 70 минг гектар далада дефолиация ишларини амалга оширишни режалаштирган. Бунинг учун 111 отряд тузилиб, 766 техника жалб этилган. Жумладан, 322 ОВХ пуркагичидан самарали фойдаланиш, ўсимлик баргини сунъий тўктириш ишларини 10 кун муддатда бажариш режаси ишлаб чиқилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган тавсияларга амал қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Фермерлар ўзаро тажриба алмашди.