Деҳқоннинг томорқасида қулупнай пишди
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли карантин жорий этилганлигига қарамасдан, Тошкент вилоятида жорий йилда баҳорги дала юмушлари, томорқада мева-сабзовот маҳсулотлари етиштириш юмушлари бир зумга ҳам сусайгани йўқ.
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли карантин жорий этилганлигига қарамасдан, Тошкент вилоятида жорий йилда баҳорги дала юмушлари, томорқада мева-сабзовот маҳсулотлари етиштириш юмушлари бир зумга ҳам сусайгани йўқ. Энг муҳими, бу ерда ерда томорқадан фойдаланиш бўйича катта тажриба тўпланган. Вилоят ҳокимлиги томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши билан ҳамкорликда бу борада мунтазам равишда фуқароларга зарур тавсия ва йўл-йўриқлар бериб борилаётганлиги самара бермоқда. Жорий йилда ҳам бундай тадбирлар давом эттирилиб, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, баҳорги экиш юмушларини ташкил этиш ва маҳсулот маҳсулот етиштиришни кўпайтириш бўйича бир қатор чоралар кўриляпти.
Халқимизда “ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади” ва “Деҳқон бой бўлса, давлат бой бўлади” каби мақоллар бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, ер кони фойда, ундан унумли фойдаланган киши бой-бадавлат яшайди. Бунга ишнинг кўзини биладиган, миришкор деҳқон ва боғбонларимизни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Тошкент вилоятининг ери унумдор, иқлими мўътадил, сув масаласида муаммо йўқ. Шу боис, ҳудудда томорқада деярли барча ноз-неъматлар етиштирилади. Паркентнинг витаминларга бой узумлари ва картошкасини, Зангиотанинг қулупнайларини, Бўканинг мазали қовун-тарвузларини кўпчилик юртдошларимиз яхши билишади. Янгийўл туманидаги Ниёзбош қишлоғининг эса кўкатлари билан Россия Федерациясини ҳам таъминланаётгани барчага маълум.

Томорқачиликдаги бой тажрибадан бу йил ҳам унумли фойдаланилмоқда. Бугун иссиқхоналар билан бирга, дала шароитида ҳам сабзавот маҳсулотлари етиштириш қизғин паллага кирган. Буни пойтахтимиз бозорларида сотилаётган помидор, бодринг, карам ва кўкатларни кўриб, ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Янгийўллик миришкор деҳқонларнинг томорқасида қулупнай пишганига анча бўлди. Туманнинг 66 та маҳалласидаги 34 403 та хонадоннинг томорқа майдонлари 2061 гектардан иборат. “Ниёзбош” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги томорқа ерлари эса 248 гектарни ташкил қилади.
“Юксалиш” маҳалласининг Истироҳат кўчасидаги 151-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Ислом Исроиловнинг таъкидлашича, оиласи билан бир неча йилдан қулупнай етиштиради. Бу йил ҳам 40 сотих майдонда ушбу мева экинини парвариш қилди. Қулупнайнинг пишганига бир неча кун бўлибди ва уни Янгийўл шаҳри ва пойтахтимиздаги бозорларга олиб чиқмоқда. Савдо ёмон эмас. Даромади ҳам шунга яраша бўлади. Томорқадан йилига уч мартагача ҳосил олинар экан.

“Гулистон” маҳалласининг Н.Авазов кўчаси 19-уйда яшовчи Содиржон Муҳиддинов оиласи эса турли кўкатлар етиштириш билан шуғулланади. Бутун оила аъзолари шу юмуш билан машғул. Даромади ҳам яхшигина. Кўкатларни Россияга ҳам жўнатишади. Бўш вақти бўлса, барча томорқада меҳнат қилишади. Ёки “Фаровон” маҳалласининг О. Қўчқоров кўчасидаги 199–уйда истиқомат қилувчи фуқаро Нуриддин Раҳимовлар оиласи гулчилик билан шуғулланади. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Пойтахтимиз аҳолисини куз- қиш ойларида ҳам ёздаги каби ёз неъматлари билан таъминлашда вилоят аҳолисининг хизмати катта, албатта. Тажрибали деҳқон бир қарич ернинг ҳам қадрини яхши билади. У томорқасининг четини ҳам бўш қолдирмайди. Ёз мавсумида дала шароитида, қиш пайтида эса иссиқхона барпо этиб, маҳсулот етиштиради. Айниқса, Зангиота, Тошкент, Қибрай, Янгийўл, Паркент туманлари аҳолиси ердан фойдаланишнинг ҳадисини олган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, вилоятда бугунги кунда 451,9 минг хонадоннинг 30,8 минг гектар майдондаги томорқасидан самарали фойдаланиш чоралари белгиланган. Томорқаларнинг 16 минг гектари, яъни 52 фоизида эртаги, жумладан, 9,5 минг гектар майдонда сабзавот, 3 минг гектарда картошка, 706 гектарда полиз ва 1,7 минг гектарда бошқа экинлар етиштириш мўлжалланмоқда. 12,1 минг гектар, яъни 39,3 фоизида эса ўртаги экинлар экилади.
Томорқачиликда бу йил яхши бир ташаббусга қўл урилди. Аҳоли томорқаларига арзон кўчат, уруғликлар етказиб бериш мақсадида барча туманларда “Томорқа – 2020” ярмаркалари ўтказилди. Бундай тадбир табиийки, ўз самарасини беради. “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан 53,4 минг аҳоли хонадонлари билан маҳсулот етиштириш ва сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланиши кутиляпти.
Бундай кенг кўламда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ўз самарасини бериши шубҳасиз. Вилоятда жорий йилда томорқалардан 2-3 маротабадан ҳосил олишга бел боғланди. Маҳсулотларнинг аҳоли истеъмолидан ортган қисми эса пойтахтимиз аҳолиси ва хориждаги харидорларга етказиб берилади.
