Деҳқончилик ҳам ибодатдир
Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун обод қилиб, осмондан барокот сувларини ёғдириб, шу сув орқали дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набоботларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини бериб қўйди.
Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун обод қилиб, осмондан барокот сувларини ёғдириб, шу сув орқали дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набоботларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини бериб қўйди. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида экинлар ва боғлар бандаларга ризқ-насиба эканлиги ҳақида жуда кўп мисоллар келтирилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди: Яъни, “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир” (Наҳл сураси, 10-11 оятлар). Демак, ризқу-рўзимизнинг аксарияти осмондан ёғиладиган сув билан ерда етиштириладиган неъматлардан иборат экан. Бу хусусда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят келтираилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ризқни ер остидан талаб қилинглар”, дедилар” (Байҳақий ваТабароний ривоятларидан).
Дарҳақиқат, дастурхонимиздан йил давомида деҳқонлар, чорвадорлар ва боғбонлар томонидан етиштирилган неъматлар узулмайди. Шу орқали Яратган бизга ризқ беряпти экан, биз ана шу неъматларнинг баракасини сўраб, шукр ва дуода бўлишимиз лозим.
Аллоҳ таоло инсонни ердан яратиб, унга ер юзини обод қилишликни амр этган. Яъни, “У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этгувчи этди” (Ҳуд сураси, 61-оят). Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло одамзотнинг асли ер жинсидан яратгани ҳамда улар ер юзига уни обод қилиш учун юборилиши хабари берилади.
Деҳқончилик агар Аллоҳ буюрганидек адо этилса, у албатта, баракали бўлади. Қолаверса, деҳқончилик ер юзини обод қилувчи, бандаларга ризқ-насиба етиштирувчи улуғ касблардан саналади. Ислом динида ҳам деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор берилади, ҳалол меҳнат қилиш тарғиб қилинади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар келтирилади. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бирорта дарахт ўтқазса, ёки бирор экин экса ва ундан бирорта қуш ёки инсон, ёхуд ҳайвон тановул қилса, у сабабли унга садақа (савоби) бўлади” – дедилар (Имом Бухорий ривоятидан).
Яна бир ҳадисда Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, обод этса, унга ажр бордир. Шунингдек, ўша ердан унган нарсадан бирор жонзот истеъмол қилса, унга садақа (савоби) бордир”, дедилар” (Доримий ривоятидан).
Жобир розияллоҳу анҳу: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳнинг унга ёрдам ва барака бериш ваъдаси бор”, деди (Байҳақий ва Табароний ривоятларидан). Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг ваъдасига етишиш учун деҳқонлар, ҳар бир банда деҳқончилик борасидаги ишларни савоб олиш умиди билан ибодат даражасида адо этиши мақсадга мувофиқдир.
Деҳқон покиза бўлса, ҳалол меҳнат қилса, иншоаллоҳ, зироатига барака кириб, албатта мўл-кўл ҳосил олинади. Бугун далаларимизга, томорқаларимизга турли экинлар экиб, баракали ҳосил беришини Аллоҳдан сўраб меҳнат қилайлик. Юртимизнинг чўп суқса унадиган олтин тупроғи, унинг ҳар бир қаричи бизга Яратганнинг инъоми, омонатдир. Ундан оқилона фойдаланишимиз лозим. Шундагина ризқимиз улуғ, турмушимиз фаровон бўлади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо этиб, дехқончиликларимизга барака берсин. Яратганнинг синовли бугунги кунларида ўртамиздан меҳр-оқибат кўтарилмасин.
Валижон СИДДИҚБОЕВ,
Андижон шаҳар бош имом-хатиби.