Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деҳқон учун масъулиятли палла
10:48 / 2016-08-10

Фарғона вилоятида 101,3 минг гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Баракали ҳосил олиш учун жойларда агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда сифатли амалга оширилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фарғона вилоятида 101,3 минг гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Баракали ҳосил олиш учун жойларда агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда сифатли амалга оширилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, шу кунларда ғўза парвариши долзарб паллага кирди. Шу боис деҳқон ва фермерлар унинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиб, агротехника тадбирларини сифатли амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Экинни суғориш, культивациялаш, шунингдек, уни турли касаллик ва зараркунандалардан асрашга алоҳида эътибор қаратилаётгани учун мўл ҳосил тўпланмоқда.

Август – деҳқоннинг тажрибаси, маҳоратини синовдан ўтказадиган ой. Мўл ҳосил аввало вақтида қилинган заҳматли меҳнат, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни оқилона қўллаш орқали қўлга киритилади. Августдаги меҳнатни пахтадан мўл ҳосил олиш гарови, деб билган деҳқонларимиз барча агротехник тадбирларни бехато уддалаш пайида.

– Деҳқончилик тақвимига кўра, август – асад ойи ҳосил тўплашда муҳим палла ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Бувайда туманидаги “Патилахон” фермер хўжалиги раҳбари Патилахон Эргашева. – “Асад – экинингни ясат” деган мақол ҳам бежиз айтилмаган. Бундан англаш мумкинки, ғўза парваришидаги муҳим агротехника тадбирлари шу пайтга тўғри келади. Демак, ҳосилнинг чўғи юқори, сифатли ва эртаги бўлишини истаган фермер айни шу кунларда ғўза бошида парвона бўлиб, экинни чанқатиб қўймасдан культивациялаш ва чеканка қилиш, зараркунанда ва касалликлардан муҳофазалаш тадбирларининг маромида адо этилишига жиддий эътибор қаратиши лозим. Бирор бир тадбир кечиктириб юборилса, ҳосил тугунчалари тўкилиб, унинг бир қисми бой берилади.

Шунинг учун 34 гектар майдонда парваришланаётган далани айланиш, ғўзани китобдек “варақлаш”ни одат қилганман. Бу билан аввало, экин майдонининг қаерида аҳвол қандайлигини билиб, келгуси тадбирларни белгилаб оламан. Яна бир муҳим жиҳати, бунинг натижасида экин ораларида ҳаво алмашинуви яхшиланиб, ғўза турли касалликлардан сақланади. Ҳозир ғўза ҳолати кўнгилдагидек, ривожи баравж. Айни пайтда ҳар бир туп ғўзада 10-12 тадан бўлиқ кўсак бор. Улар баракали ҳосилдан дарак бериб турибди. Аммо бу хотиржамликка асос бўла олмайди. Халқимиз айтганидек, даладагиси эмас, хирмондагиси ҳисоб. Август ойида кўсаклар сонини янада кўпайтиришни мақсад қилганмиз.

Пахтакорларимиз баракали ҳосил тўплаш учун агротехник тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида ғўзани чилпиш, қатор ораларига ишлов бериш, озиқлантириш, қондириб суғориш каби муҳим вазифаларни ўз вақтида амалга ошириб, мўл ҳосилга замин яратмоқда.