Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Даврон Ваҳобов: “Хитойлик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончи ортмоқда”
11:44 / 2024-01-23

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 32 йил тўлди. Икки давлат ўртасида ўзаро ҳурмат ва манфаатларга асосланган дўстона алоқалар жадал ривожланяпти. Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири иқтисодиётдир.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов билан суҳбатимиз ҳам мазкур йўналишдаги икки томонлама манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланди.

 – Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2023 йил якунига кўра, товар айирбошлаш миқдори 46,8 фоизга ошиб 12,2 миллиард долларга етди, – деди Д.Ваҳобов. – Инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик кўлами ҳам ошди.  Ўтган йиллар давомида ўзлаштирилган Хитой инвестицияларининг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этди. Хитойлик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончи ортмоқда.  Буни 2023 йил 18-19 май кунлари Сиань шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Хитой бизнес-форуми ва ярмаркада умумий миқдори 26,5 миллиард долларга тенг 210 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзолангани  мисолида ҳам кўриш мумкин. 2023 йилнинг ўзида 3,7 миллиард доллар Хитой инвестициялари ўзлаштирилди. Юртимизда фаолият юритаётган қўшма корхоналар сони 2017 йилга нисбатан 3 баробар ортди. Бугунги кунда Хитой инвестицияси иштирокида 2 минг 125 корхона фаолият юритяпти. Уларнинг 601 таси 2023 йилда ташкил этилган. 

– Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан, лойиҳалар ҳақида маълумот берсангиз? 

– Биласиз, мамлакатимизда Хитой компаниялари иштирокида замонавий корхоналар барпо этилди, нефть-газ, кимё, тўқимачилик ва саноатнинг бошқа соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилди, янги иш ўринлари яратилди. Ўтган йили Хитой компаниялари иштирокида қарийб 2 миллиард долларга тенг 60 дан зиёд лойиҳалар ишга туширилди. Хусусан, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида Хитойнинг “ChinaGezhoubaGroup” компанияси томонидан умумий қуввати 1000 МВт бўлган иккита қуёш электр станцияси қурилишининг биринчи босқичи якунланди. “Gansu Hengya Cement” ва “Conch International Holdings” компаниялари билан Самарқанд ва Андижон вилоятларида йилига 3 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга заводлар ташкил этилди. Шунингдек, “Shandun Electrik Power Construction” компанияси билан ҳамкорликда Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида умумий қуввати 1000 МВт бўлган фотоэлектр станцияларини қуриш лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда. 

– Автомобилсозлик Хитой иқтисодиётининг муҳим таянчи. Шундай экан мазкур йўналишдаги ҳамкорлик истиқболини қандай баҳолайсиз?

 – Кейинги йилларда икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Шерикликнинг энг истиқболли йўналишларидан бири сифатида автомобиль саноати қайд этилади. Диёримизда мазкур соҳага асос солинганига чорак асрдан кўпроқ вақт ўтди. Шу давр ичида Ўзбекистон дунё автомобиль бозорида ўз ўрнини топди. Хитой айни соҳада дунёда илғорлар сафига кирган. Демак, бу борада Хитой билан ҳамкорлик кенг истиқболдан дарак беради. Масалан, Андижон вилоятида “FAW” бренди остида юк автомашиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги завод ишга туширилган. Жиззах вилоятида “Ўзавтосаноат” ва Хитойнинг BYD конгломерати шериклигида “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонаси ташкил этилиб, электромобиль ва гибрид автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича инвестиция шартномаси ҳам имзоланган. Мазкур завод тўлиқ ишга тушгач йилига 300 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Инжиниринг ва сервис марказлари очилиб, Ўзбекистонга BYD электробусларини етказиб бериш режаси ҳам қўллаб-қувватланган. Электромобиль ва янги авлод аккумулятори ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири бўлган BYD йилига 2 миллионтагача машина ишлаб чиқаради.

Энг йирик электромобиль ишлаб чиқувчи “BYD” компанияси Ўзбекистонда ўз заводини қуришни бошлагани қувонарли. Лойиҳанинг умумий қиймати 160 миллион доллар, деб баҳоланмоқда. 

– Савдо-саноат палатаси раиси сифатида йирик халқаро лойиҳа – “Бир макон, бир йўл” ташаббуси, ундаги Ўзбекистоннинг ўрнини қандай баҳолайсиз?  

– “Бир макон, бир йўл” доирасида барқарор иқтисодий ўсиш ва ривожланишга тўсиқ бўлиб турган энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳамкорлик кучайтирилади. Шу нуқтаи назардан халқаро ҳамжамият ўзаро бирлашиб, ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга ошираётганини юксак қадрлаймиз. Бизнинг мотивация олишимизга сабаб бўлган йирик халқаро лойиҳа юздан зиёд давлатнинг турли соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантираётгани жуда қувонарли. “Бойимоқчи бўлсанг, ишни йўл қуришдан бошла” деган гап бор. Одатда, хитойликлар бир инсонга яхши ният тиласа, маслаҳат сифатида шу гапни айтади. Зеро, йўл инсоннинг узоғини яқин, оғирини енгил қилади, юрт иқтисодиётини кучайтириб, аҳоли турмуш даражасини кўтаришга хизмат қилади. 

 Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин бундан ўн йил муқаддам таклиф қилган ғоя ҳам нафақат бир мамлакатни, балки Жанубий ва Марказий Осиёни, Африка ва Европани қамраб олаётган мега лойиҳага айланди. Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги ўзаро муносабат ана шу лойиҳа келажагига бевосита боғлиқ. Яна бир маълумот: Ўзбекистон ва Хитой етакчилари 2023-2027 йилларга мўлжалланган икки давлат ўртасида янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини қабул қилган. Ушбу хайрли ҳужжат ижроси юзасидан ишларни жадаллаштиряпмиз.

 Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида хизмат кўрсатиш соҳасида ҳамкорлик бошланяпти. Ушбу йўналишни ривожлантиришга янги ёндашувларни жорий этиш масаласига алоҳида  эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига зарарли таъсирининг олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария-гигиена сифатини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил ҳамкорлик йўлга қўйилади. Хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида шаҳарда экологик муҳитга тўғри келадиган “яшил такси”ларни ташкил этиш, чиқиндини қайта ишлаб, ундан электр энергия ишлаб чиқариш, сув тозалаш иншоотларини барпо этишдек улкан мақсадларни кўзлаганмиз. 

 

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди