Бугун пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида таниқли устоз журналист Ирисмат Абдухолиқовнинг “Давр журналист нигоҳида” – номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур китобда муаллиф ўз фаолияти давомида юзма-юз келган, ҳамкорлик қилган, мулоқотга киришган таниш ва нотаниш шахслар образини яратар экан, Ирисмат Абдухолиқов услубига хос бўлган холислик, тиниқлик ва самимийлик яққол намоён бўлади. Хусусан, республикамизни салкам чорак аср бошқарган Шароф Рашидович Рашидов сиймоси алоҳида ҳурмат ва муҳаббат билан тасвирланган.
Китобда муаллифнинг Ўзбекистоннинг деярли барча вилоят, туман ва қишлоқларидан, шунингдек, Вашингтон, Нью-Йорк, Москва, Деҳли, Анқара, Макка ва Мадина шаҳарларидан тайёрлаб, воқеа содир бўлаётган жойдан тўғридан-тўғри эфирга узатган репортажлари матнлари ҳам ўрин олган. Шунингдек, тўпламга телевидение ва радионинг илмий-назарий асосларига бағишланган мақолалар ҳам киритилган.
Тақризчилардан бири қуйидагича ёзади: “Давр журналист нигоҳида” китобидан жой олган юздан ортиқ хотира-лавҳаларнинг бирортаси ҳам бефарқ ўқилмайди. Ҳаётнинг паст-баландларини кўрган, тажрибали, донишманд ёшидаги муаллиф ҳар бир саҳифада олам ва одам, шахс ва жамият, матбуот ва давлат муносабатларига доир ҳаёт ҳақиқатларини ёритиб, ўқувчини ўтмишдан бугунга, бугундан келажакка боғловчи боқий мезонлар манзараларидан баҳра олишга ундайди.
“Ўз соҳасида мавқега эришган, чўққиларни забт этган ҳар бир инсон оддий одам ҳисобланмайди”, — деб ёзган эди машҳур телешоу қироли Ларри Кинг. Ирисмат Абдухолиқов ҳам телерадио мухбир, дунё кезган халқаро шарҳловчи сифатида улкан ижодий йўлни босиб ўтди, кўплаб ҳамкасбларимиз орзу ҳам қилолмаган мавқеларга эришди, чўққиларни забт этди. Ушбу асар катта-кичик китобхонларни ана шундай марраларга интилишга чорлайди, руҳий қанот бағишлайди, деб хулоса қилади Хуршид Дўстмуҳаммад.
Китобда тақдим этилган тарихий жараёнларнинг энг қайноқ нуқталаридан тайёрланган ахборотлар, репортаж ва кўрсатувлар матнлари ўша давр манзараларини кўз ўнгимизда қайта жонлантириши баробарида, журналистиканинг барча соҳалари вакиллари ҳамда талаба ёшлар учун муҳим ўқув-амалий қўлланма вазифасини ҳам ўтайди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Ms5thBncib4" title="Davrimiz jurnalisti - Irismat Abduxoliqov" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА