Орамиздаги одамлар
Бухоро вилоятининг Вобкент тумани “Ҳажувон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Бобур ака Каримов ҳаёт синовларига қарамай, инсон қадри, ирода ва меҳнат кучига ишонган ҳолда яшаб келаётган юксак матонат соҳибидир. Унинг ҳаёт йўли шунчаки шахсий қисса эмас, минглаб инсонлар учун умид, ишонч ва илҳом манбаидир.
Жисмоний имкониятнинг чекланганлиги инсонни тўхтатиб қўймайди, аксинча, унинг ички қудратини очиб беради, деган ҳаётий қараш Бобур аканинг бутун фаолиятида намоён бўлади. У ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан ўз ҳаётини мазмунли, фойдали ва самарали ташкил этишга интилиб келмоқда.
–Инсонни чеклайдиган нарса жисмоний ҳолати эмас, унинг фикрлари, –дейди Бобур ака. –Агар инсон ўзини ожиз деб билса, у ҳақиқатдан ҳам ожиз бўлиб қолади. Агар у ҳаракат қилишга ишонса, ҳаёт унга йўл очади. Мен ҳар куни ўзимга “Сен қодирсан”, деб айтаман. Мен фақат ўзим учун яшашни истамайман. Агар бир инсоннинг қўлидан бошқаларга ҳам фойда келтириш келса, демак, у ҳақиқий маънода инсон бўлиб яшаяпти. Иш ўрни яратиш энг катта савоб ишлардан бири, деб биламан.

Бу сўзлар унинг ҳаёт фалсафасини яққол ифода этади. Унингча, ирода, сабр-тоқат ва меҳнат инсонни ҳар қандай ҳолатда ҳам олдинга бошлайдиган асосий кучдир.
Маҳалла ижтимоий ходими Гулноза Равшанова томонидан Бобур акага электрон юритмали аравача берилгани унинг ҳаётида янги босқични бошлаб берди. Бу нафақат ҳаракатланиш имконини кенгайтирди, балки унинг ижтимоий фаоллигини янада оширди.
–Бобур ака ижтимоий ёрдамга муҳтож инсон эмас, балки жамиятга фойда келтираётган шахс, –дейди Гулноза Равшанова. –Биз берган аравача унинг фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилди. У ўзини ёрдам олувчи эмас, имконият яратувчи инсон сифатида кўрсатмоқда.
Бугунги кунда Бобур ака “Пайнет” шохобчаси ва кичик овқатланиш ошхонасини юритиб келмоқда. Бу фаолият нафақат унинг оиласи учун барқарор даромад манбаи, балки бошқалар учун ҳам иш ўрни яратиш имконидир. Айни пайтда у 4 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаган.

Бобур ака оилали, 3 нафар фарзанднинг меҳрибон отаси. У фарзандларига фақат сўз билан эмас, ҳаёти билан тарбия бермоқда. Унинг ҳаётидаги асосий ғоя фарзандларга иродали, меҳнатсевар ва масъулиятли инсон бўлиш намунасини кўрсатишдир.
–Фарзандларим менга қараб: “Отам қийинчиликдан қўрқмади”, деб ўрнак олсин. Мен уларга бойлик эмас, ибрат қолдирмоқчиман, – дейди у.
Бобур ака Каримов мисолида шуни яққол кўриш мумкинки, имкониятлар чекланган бўлиши мумкин, аммо инсоннинг орзулари, интилиши ва меҳнати ҳеч қачон чекланмайди. Унинг ҳаёти ирода, сабр, ҳаракат ва мақсадга интилишнинг намунасидир.
У шунчаки тадбиркор ёки фаол фуқаро эмас, у жамият руҳиятини мустаҳкамловчи, инсонларга ишонч бағишловчи шахсдир. Ана шундай инсонлар жамиятнинг ҳақиқий қаҳрамонлари саналади. Чунки ҳақиқий куч танада эмас, қалбда. Ҳақиқий бойлик мол-дунёда эмас, иродада. Ҳақиқий ютуқ қийинчиликлар устидан қозонилган ички ғалабадир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири