Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давр билан ҳамнафас ёхуд “Шанхай руҳи” ҳақида баъзи мулоҳазалар
20:14 / 2022-06-15

Халқаро ҳамкорлик

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ёндашиш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши этиб белгиланган. Бундай масъулиятли вазифани бажаришда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан ўзаро ишончга асосланган самарали ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.

Дунёдаги нуфузли ва истиқболли ташкилотга айланган ШҲТга аъзо, халқаро сиёсатнинг тенг ҳуқуқли, фаол иштирокчиси бўлган давлатлар ўртасидаги муносабатнинг жорий ҳолатини таҳлил қилиш мақсадида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети жаҳон тарихи кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори Темур Жўраевнинг фикрларини ёзиб олдик.

– Йил сайин нуфузи ошиб бораётган ШҲТ босиб ўтган йўл, Ташкилотнинг халқаро-сиёсий таъсир доираси муттасил кенгайиб бориши ва ниҳоят жаҳон майдонида тутган ўрнини идрок этиш мазкур тузилма ҳақида тўлақонли тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Зеро, ШҲТ яқинда пайдо бўлгани йўқ, балки мураккаб тарихий жараёндаги сиёсий изчиллик натижасидир.

Шундай ташкилот Осиё минтақасида зарурлиги ғояси ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллигида дунё тараққиёти кун тартибига чиқди. Нега айнан ўша паллада бундай ғоя, фикр пайдо бўлди, деган савол туғилиши табиий. Очиғи, бунинг сабаблари талай. Шунчаки, ташкилотни тузиш ғояси амалиётга айланиши учун қулай ижтимоий-сиёсий шароит, фурсат кутилаётган эди.

ШҲТни ташкил этиш ғояси туғилишига муҳим халқаро ижтимоий сабаблар бўлгани шубҳасиз. Айни омиллар бунёдкор, инсонпарварлик ғоясидан манфаатдор бир неча давлатни ҳаракатга келтирди. Зеро, чегарадош, шунинг баробарида цивилизация маданияти борасида бир-биридан фарқланувчи мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч устуворлиги жуда муҳим. Демак, давлатимиз раҳбарининг “аҳил қўшничилик” концепцияси моҳияти шу жиҳатдан жуда чуқур.

Маълумки, бугунги кунга келиб дунёдаги нуфузли ва истиқболли ташкилотга айланган ШҲТга аъзо, халқаро сиёсатнинг тенг ҳуқуқли, фаол иштирокчиси бўлган давлатлар ҳам бу мураккаб муаммога осонгина ечим топган эмас. Тарихий тажриба шуни кўрсатдики, давлатлараро муносабатларда қўшничилик масалаларидан-да жиддийроқ муаммо, деярли, йўқ ва дунё аҳли буни тобора чуқур англаётир.

Аждодларимиз бежиз “Қўшнинг тинч – сен тинч”, демаган. Эътибор беринг: ташкилотнинг устувор стратегик мақсади – сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий соҳалар бўйича давлатлараро ҳамкорликка кўмаклашиш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни биргаликда таъминлаш, демократик, оқилона халқаро сиёсий ҳамда иқтисодий тартибот яратиш. Шу боис аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш масаласи ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди. Зеро, давлатлараро, миллатлараро, қолаверса, цивилизациялараро муносабатлар тарихида юқоридаги омил ҳар доим устуворлик касб этган.

Шу маънода Президентимиз ташаббуси билан бошланган ўзаро ишонч, аҳли қўшничилик стратегияси сабаб минтақа халқлари қалбида мутлақо янгича қардошлик руҳияти қарор топгани бор гап. Бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг, қарийб, ярми яшайдиган, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 20 фоизидан зиёдига эгалик қиладиган ШҲТ ҳозирги даражага чиққани кўп йиллик машаққатли меҳнат, ўзаро ҳамжиҳатлик маҳсули. Бу йўлда ташкилот кўплаб объектив, баъзан субъектив тўсиқларни чидам билан енгиб ўтишига тўғри келди. Тузилма фаолиятига пессимистик қараш, зиммага олинган вазифа бажарилишига шубҳа қилиш, аъзолик мақомига кейинроқ эришган давлатлар нуфузига турлича ёндашув, тегишли кучларнинг ахборий хуружи ортда қолди.

ШҲТ шунчаки норасмий мулоқот, ваколатли шахслар учун у ёки бу глобал муаммога субъектив муносабатни баён этиш майдони, қудратли давлатларни жипслаштирувчи замонавий халқаро бирлашмага айланди. Шу ўринда тузилмага нисбатан “замонавий ташкилот” атамаси бир овоздан маъқулланганини айтиш жоиз. Бизнингча, бундай таъриф муайян халқаро ташкилотнинг аниқ тарихий эҳтиёжи ва интилишига мос келиши, реал вақт режими доирасида фаолият юритиш салоҳияти мавжудлиги, қолаверса, аъзо давлатлар халқлари туб манфаатини акс эттира олиши билан ўлчанади.

Ташкилотнинг мақсади, фаолият принципи, воқеа ва жараёнга ёндашувда кўзга ташланаётган шарқона донолик, осиёликларга хос бағрикенглик дунёнинг қатор етакчи мамлакатлари раҳбариятида жиддий қизиқиш уйғотмоқда. Натижада шериклик мақомига интилаётган давлатлар сафи муттасил кенгаймоқда.

ШҲТнинг мақсади ҳарбий-сиёсий кучга айланиш эмас, балки тинчлик ва тараққиётдек буюк қадриятга таяниб, мураккаблашган жаҳон сиёсатини ижобий томонга ўзгартиришдан иборат. Зеро, ШҲТ жаҳон майдонига кириб келаётган кўплаб янги сиёсий субъектлар манфаатини чуқур англаган ҳолда фаолият юритишни устувор вазифа этиб белгилаган. Шу боис, ташкилотни айни вақтида шаклланган, замон билан ҳамнафас, камёб халқаро бирлашма, десак ўринли бўлади.

1996 йил бешта чегарадош давлат ўртасида ўзаро ишонч чоралари тўғрисида расмий ҳужжат имзош билан бошланган жараён бугунга келиб муттасил юксалаётган улкан халқаро ташкилот сифатида кенг ҳамжамият томонидан эътироф этилди. Аъзо давлатлар сони муттасил ошиб бориши  тадрижийлик, бардавомлик касб этмоқда.

Эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, ўтган чорак аср мобайнида ШҲТнинг стратегик устувор йўналиши муттасил янгиланиб мазмунан, тузилмавий ва функционал жиҳатдан шаклланиш босқичидан ўтди. Глобал ҳамда минтақавий воқеликларга нисбатан, шунчаки, расмий муносабат билдиришдан жаҳон сиёсатининг фаол иштирокчиси, таъсирчан кучига айланди. Географик қамровидан четдаги тенденция ижобий йўналиш касб этишида Шанхай ташкилоти нуфузи яққол кўзга ташланяпти.

Жаҳондаги халқаро ва минтақавий бирлашмаларнинг аксарияти, асосан, ижтимоий-маданий, маданий-цивилизацион, мафкуравий, этногенетик, конфессионал, сиёсий тузилмалардаги ўхшашлик асосида вужудга келган. Шу асосда улар бошқа давлат, миллат, цивилизацияларга таъсир ўтказган. ШҲТ бу жиҳатдан ҳам ноёблигини башариятга намоён этди. Деярли, мавжуд барча жаҳоний цивилизация кўринишлари – исломий, христиан, конфуций, буддавий ва индуизмга мансуб халқлар ва давлатларни бирлаштиришга қодир ҳозирча ягона ташкилот эканини исботлади. Ва бўлажак бағрикенглик маданиятига асосланган тараққиётнинг янги ижтимоий тартибот даракчисига айланди, десак муболаға бўлмайди. Бинобарин, ҳар бир эришилган марра, босиб ўтилган довон мутлақо янги имконият, янги қараш сари етаклайди.

Яқин йилларгача Ҳиндистон ва Покистон бир халқаро ташкилотга аъзо бўлиши, ШҲТ талабларини бажаришни зиммасига олиши кўпчилик учун хаёлий воқеа эди. Хаёл ҳақиқатга айланди. Аъзоликка қабул қилинишидан аввал икки мамлакат муайян процедуравий талабларни бажарди. 

Нафақат Осиё, балки дунёда хавфсизлик ва ҳамкорликни таъминлаш жараёнида ушбу давлатларнинг роли ҳамда иштироки билан боғлиқ омил ШҲТнинг доимий диққат марказида бўлди. Жанубий Осиёни безовта қилиб турган муаммо енгиллашувига олиб келган бу тарихий силжиш, ўз навбатида, бир томондан ташкилотнинг халқаро обрўсини оширган бўлса, иккинчи томондан  ғаразгўй “куч марказлари”нинг нохолислигини исботлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, кейинги беш йилга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси асосида юртимиз прагматик ва фаол ташқи сиёсатнинг янги-янги марраларига эришиши кўп жиҳатдан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамжиҳат, ҳамфик муҳит бардавомлигига ҳам боғлиқ.

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.

ЎзА