French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давос ташрифининг моҳияти
17:49 / 2026-01-22

22 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашувлар ва музокаралар бугунги мураккаб глобал вазиятда алоҳида иқтисодий аҳамият касб этади.

Мамлакатимиз етакчисининг Дональд Трамп ташаббуси билан илгари сурилаётган Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросимида иштирок этиши ушбу ташрифни оддий дипломатик воқеа эмас, балки пухта ўйланган иқтисодий-стратегик қадам сифатида баҳолаш имконини беради.

Сўнгги йилларда глобал иқтисодиётда беқарорлик омиллари кучайиб бормоқда. Геосиёсий зиддиятлар, савдо чекловлари, молиявий бозорларнинг кескин тебранишлари инвесторлар ишончига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шундай шароитда тинчлик ва хавфсизлик масалалари тобора кўпроқ иқтисодий мазмун касб этмоқда. Чунки сиёсий барқарорликсиз барқарор иқтисодий ўсиш бўлиши амалда мумкин эмас.

Давосдаги ташриф айнан шу нуқтаи назардан муҳим. Тинчлик ташаббуслари орқали халқаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш, узоқ муддатли инвестициялар учун хавф-хатарларни камайтириш ва савдо-иқтисодий алоқалар узлуксизлигини таъминлаш асосий мақсадлардан бири сифатида намоён бўлмоқда.

Давос глобал миқёсда иқтисодий қарорлар шаклланадиган нуфузли майдон ҳисобланади. Бу ерда сиёсий етакчилар, йирик молиявий институтлар, трансмиллий компаниялар ва инвесторлар манфаатлари кесишади. Шу сабабли Давосда ўтказиладиган ҳар қандай юқори даражадаги учрашув бевосита ёки билвосита иқтисодий оқибатларга эга бўлади.

Мамлакатимиз етакчисининг ушбу платформадаги иштироки миллий иқтисодиётнинг очиқлиги, халқаро ҳамкорликка тайёрлиги ва глобал иқтисодий жараёнларга фаол интеграциялашувга интилишини кўрсатади. Бу эса хорижий инвесторлар учун муҳим сигнал бўлиб, мамлакатимизни ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида намоён этади.

Ташриф доирасида режалаштирилган икки томонлама учрашувлар ташқи сиёсатнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бундай мулоқотлар одатда инвестиция келишувлари, савдо ҳажмини кенгайтириш, саноат кооперацияси ва молиявий ҳамкорликни чуқурлаштириш билан якунланади.

Муҳим жиҳати шундаки, бугунги шароитда давлатлар ўртасидаги иқтисодий рақобат ресурслар, технологиялар ва бозорлар учун олиб борилмоқда. Давосдаги учрашувлар айнан шу йўналишларда миллий манфаатларни илгари суриш, янги иқтисодий имкониятларни аниқлаш ва стратегик шерикликларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.

Кўпинча тинчлик ташаббуслари фақат сиёсий ёки гуманитар нуқтаи назардан баҳоланади. Аслида эса уларнинг ортида аниқ иқтисодий мантиқ ётади. Барқарор ҳудудларда логистика йўлаклари ривожланади, савдо харажатлари камаяди, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ортади. Демак, тинчлик — бу иқтисодий ўсиш учун зарур шартлардан.

Шу маънода, Давосдаги ташриф мамлакатимизнинг глобал иқтисодий тизимда ўз ўрнини мустаҳкамлаш, иқтисодий хавфсизликни кучайтириш ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим қадам сифатида намоён бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Давос ташрифи глобал сиёсат ва иқтисодий манфаатлар ўзаро уйғунлашган мураккаб жараённинг яққол ифодасидир. Бу ташриф дипломатик фаоллик билан бир қаторда, миллий иқтисод манфаатларини ҳимоя қилиш, халқаро ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор иқтисодий ўсиш учун қулай ташқи муҳит яратишга хизмат қилади. Бугунги шароитда айнан шундай пухта ўйланган ва ҳисоб-китобли ташқи сиёсат иқтисодий муваффақиятнинг муҳим омилига айланмоқда.

Исмоил Зайнутдинов,

Тошкент давлат шарқшунослик университети

Иқтисодиёт ва менежмент кафедраси в.б. доценти.