English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Даволаш ва хизмат кўрсатиш сифати ошди
19:02 / 2020-12-13

Гулистон шаҳридаги Сирдарё вилояти перинатал марказининг гинекология бўлими тубдан қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят, шаҳар ҳокимликлари, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Гулистон шаҳар бўлими раҳбар ва ходимлари, муассаса жамоаси, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Президентимизнинг 2018 йилги Сирдарёга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида вилоят перинатал маркази биносини 2019-2020 йиллар давомида икки босқичда реконструкция қилиш ишлари учун 11 миллиард сўм маблағ ажратилиб, биринчи босқичда 6 миллиард сўм маблағ ҳисобига ўтган 2019 йилда муассасанинг асосий биноси қайта реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилган эди.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 7 турдаги энг замонавий, юқори технологик имкониятга эга бўлган “My Lab” русумли кўп функцияга эга УТТ аппарати, болалар ва катталар учун сунъий нафас бериш аппарати, механик жарроҳлик столи, жарроҳлик хоналари учун галогенли лампалар, электро генератор-коагулятор, ЭКГ функцияли дефибриллятор монитори билан вакуумли сўрғич аппаратлари ҳамда қаттиқ ва юмшоқ мебеллар олиниб ўрнатилди.

– Шифокорларимиз томонидан ушбу тиббий жиҳозлар ёрдамида сирдарёлик она ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати бир неча маротаба ошгани сирдарёлик она ва болаларнинг соғлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этганини ва ўз навбатида, жамоамиз аъзолари учун жуда улкан қулайлик бўлди, – дейди вилоят перинатал маркази бош шифокори Ҳанифа Содиқова. – Ҳомиладор аёлларга ёрдам кўрсатиш, чақалоқларни перинатал скрининг кўригидан ўтказиш, туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш ва ногиронликнинг олдини олиш имкони туғилди. Авваллари, ультратовуш текшируви билан 40-50 фоиз оналар қамраб олинган бўлса, ушбу жиҳозлар ҳисобига 100 фоиз скрининг текширувини амалга ошириш имкони яратилди. Бугун ушбу марказда иккинчи босқич лойиҳаси асосида амалга оширилиши лозим бўлган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилиб, гинекология бўлими ҳам фойдаланишга топширилди. Бу эса Сирдарё вилоятидаги аёллар ва уларнинг фарзандлари учун яна бир катта қулайлик бўлди. Даволаш ва хизмат кўрсатиш имконияти ва сифати сезиларли даражада ошди.

Лойиҳа қиймати 4 миллиард 900 миллион сўм бўлган 40 ўринли вилоят перинатал марказининг гинекология бўлими биноси вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ягона буюртмачи инжениринг компанияси буюртмаси асосида “Торгрембытсервис” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан тубдан қайта реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилди.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА