Тиббиёт
Статистик маълумотларга кўра, кейинги йилларда бутун дунёда қандли диабет касаллигига чалиниш кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсди. Мутахассисларнинг айтишича, бунинг асосий сабаблари нотўғри овқатланиш, камҳаракатлилик ва ҳиссий депрессия ҳисобланади. “Ширин” хасталикка чалинмаслик йўли ҳам осон, ҳам қийин. Осонлиги шундаки, хасталик юқумли эмас ва соғлом турмуш тарзига риоя этиш орқали бемалол ундан узоқлашиш мумкин. Мушкуллик ҳам айни шунда кўринади: ҳаммамиз ҳам тўғри овқатланишга, жисмоний фаолликка риоя этавермаймиз.
Академик Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида диабет билан оғриган беморларни даволаш билан бирга, хасталикнинг олдини олиш, жумладан, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, соддароқ айтганда, диабетга чалиниш сонини имкон қадар камайтириш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан эътибор қаратилаётган энг муҳим жиҳат ҳам хасталикларни эрта аниқлаш, “даволаш эмас, олдини олиш” тамойилига асосан иш кўришдир.
Филиалда ташкил этилган “Диабет мактаби” бу хасталик билан оғриган беморларга илмий асосланган тавсияларни бериш, фойдали кўникмаларни ҳосил қилишга кўмаклашади.

– Қандли диабет ошқозон ости бези фаолиятида бузилиш юз бериши, инсулин ишлаб чиқарилиши камайиши натижасида пайдо бўлади. Бунга асосан нотўғри овқатланиш, камҳаракатлилик, ортиқча вазн ва ирсий мойиллик сабабчи. Кўп ҳолларда касаллик аломатларига эътиборсизлик қиламиз, – дейди “Диабет мактаби” бош йўриқчиси Нодира Улуғбекова. –Одатда, беморлар парҳез сўзини эшитиши биланоқ қўрқувга тушишади, жуда мушкул вазифа юкланаётгандай сезишади ўзларини. Биз уларга ўзини-ўзи назорат қилишни, соддароқ айтсак, “қандли диабет билан яшаш”ни ўргатамиз.
Ўқув машғулотларида бу юқумсиз хасталикнинг келиб чиқишидан тортиб, асоратларига қарши муолажа тадбирларигача, ҳаёт тарзини режалаштириш ва фойдали таомланиш усуллари ҳақида тушунчалар берилади, оғир босқичларнинг олдини олиш бўйича кўникмалар ҳосил қилинади.
–Дастлаб бу касалликка чалинганимни билганимда, рости, қўрқиб кетганман. “Диабет мактаби”да ўтказилган машғулот ва дарслардан кейин ўзимни назорат қилишни ўргандим, соғлом овқатланишга ўтдим. Ўн йилдан буён шу касаллик мен билан яшаяпман. Ҳозир ҳолатим яхши. Бунинг учун барча шифокорлардан миннатдорман, – дейди Олтиариқ туманидан келган бемор Муҳаммаджон Ҳасанбоев. – Асосийси, бу ерда ўрганганларимни дўстларим, қариндош-уруғларимга ҳам уқтиряпман, касалликни четлаб ўтиш учун нималарга эътибор бериш зарурлигини ўргатяпман. Ўзим уларга намуна сифатида барча йўл-йўриқларга амал қиламан.
Диққатга сазовор жиҳати, филиал мутахассислари томонидан жорий йилда 815 минг нафарга яқин аҳоли вакиллари скринингдан ўтказилиши белгилаб олинган бўлса-да, январь ойининг ўзида 90 минг нафардан ортиқ фуқаро скринингдан ўтказилди. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар хасталикни эрта аниқлаш, дастлабки босқичлардаёқ даволаш ишларини бошлаш, аҳолига зарур тавсиялар беришга замин яратади.
– Қандли диабет касаллиги йил сайин “ёшариб” бормоқда. Айниқса, унинг 1-тури бир-икки яшар болаларда, ҳатто 5-6 ойлик чақалоқларда ҳам аниқланяпти, – дейди филиал эндокринологи Олимжон Холбеков. –Шунинг учун ҳозирги пайтда барча шаҳар-туманлардаги патронаж ҳамшираларга ҳам эндокрин касалликлар, унинг аломатлари ва профилактикаси хусусида тушунчалар бериб келмоқдамиз. Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмаларида имкон даражасида хавф гуруҳидаги фуқаролар учун ўрин-койкалар ажратилган. Натижада ўтган йили сарҳисобига кўра, филиалимизда 5 минг нафар беморга хизмат кўрсатилган бўлса, туман-шаҳарларнинг ўзида 15 минг бемор даволанди. Бу билан аҳолининг узоғини яқин қилишга эришилди.

Филиалда замонавий лаборатория, диабетология, умумий эндокринология, нефропатия, хирургия, реанимация, окулист кабинети каби бир қанча бўлимлар бўлиб, уларда малакали шифокорлар хизмат қилишмоқда. Эътиборлиси, шифокорлар кабинетда ўтирибгина беморларни қабул қилишмайди, жойларга чиқиб, хонадонма-хонадон юриб, ўз тавсияларини беришмоқда. Шунингдек, маслаҳат поликлиникаси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, унда ҳар куни 150 нафар фуқарони қабул қилиш имкони яратилган.
– Эндокринология бўйича махсус хирургия ва гемодиализ бўлимимиз водийда ягона ҳисобланади. Шундай бўлса-да, мутахассисларимизнинг аҳоли ичига кириб бориши бош мақсадимизга айланган. Халқимизга диабетга чалинмаслик учун нималарга эътибор бериш кераклигини тушунтириш, тарғиб қилиш, диабет ҳолатида тўғри муолажа олиб боришни ўргатиш ҳаракатидамиз. Бунда электрон рўйхатга олиш платформалари, ижтимоий тармоқлар орқали ташвиқот ишлари бизга қўл келмоқда, – дейди филиал бош шифокори Нигорахон Иброҳимова. –Янги ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириб келяпмиз. Келгусида “Соғлом овқатланиш маркази” ташкил этиш режамиз бор. Бу ерда парҳез таомлар пиширилади, шунингдек, фитобар, фитнес хоналари фаолият юритади, мутахассислар маърузалари, давра суҳбатлари олиб борилади.
Айни пайтда телеграмм, фейсбук каби тармоқларда қандли диабет бўйича бир нечта гуруҳлар ташкил қилинган, уларда минглаб фойдаланувчилар билан онлайн мулоқот йўлга қўйилган. Ота-оналар, кенг аҳоли вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисларнинг батафсил жавобларини, тавсияларини олишади. Бу каналларда қўшни давлатлар фуқароларининг ҳам мурожаатларини кўриш мумкин.
Муассасада амалга оширилаётган бу каби эзгу ташаббусларни узоқ санаш мумкин. Бир сўз билан айтганда, замонавий тиббиёт, тиббий рақамлаштириш йўлга қўйилганлиги, шаффофлик ва қулайлик, “даволаш эмас, олдини олиш” тамойили асосида иш ташкил қилинганлиги халқимиз олқишига сабаб бўлмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири