ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод тумани Навбаҳор маҳалласида “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази” фаолияти йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 декабрдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида ташкил этилган мазкур марказда хотин-қизларни замонавий ва бозор талабига мос касб-ҳунарларга ўқитиш йўлга қўйилган. Жумладан, тикувчилик, қандолатчилик ҳамда ахборот технологиялари йўналишларида назарий ва амалий машғулотлар ўтказилади.
Шунингдек, иштирокчиларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, профилактик тиббий кўриклар ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш ҳам марказ фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
[gallery-27950]
Назарий билим ва амалий машғулотлар уйғунлаштирилган ўқув курслари якунида тингловчиларга сертификатлар топширилади.
Марказ маҳалла аҳолиси, айниқса ишсиз хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратди. Бу ерда улар нафақат касб эгаллаш, балки ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имконига ҳам эга бўлади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур фармон билан 2026–2027 йилларда 2 минг 800 нафар хотин-қизни тадбиркорликка ўқитиш ва 6 мингта тадбиркорлик лойиҳасини қўллаб-қувватлаш вазифаси белгиланган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА