ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманида қурилиш ва ободонлаштириш соҳасидаги ишлар давомида “Наманган халқаро аэропорти”да олиб борилаётган бунёдкорлик жараёнлари кўздан кечирилди.
Аэропортда уч қаватли янги терминал биноси қурилмоқда. Янги терминал ишга тушгач, йўловчи ташиш қуввати 2,5 баробарга ошади. Қурилиш ишлари жадаллашиб, аэропорт кун сайин янги қиёфа касб этиб, белгиланган ишлар муддатида бажарилиши назорат қилинмоқда.
Шу билан бирга, туманнинг “Fazo Avenue” турар жой мажмуаси қурилиши ҳам фаол давом этаётир. Мазкур лойиҳа JBA GROUP томонидан амалга оширилмоқда. 6 гектар майдонда қурилаётган мажмуанинг умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
[gallery-27724]
Лойиҳа доирасида 24 та 10 қаватли уй, 1350 та замонавий хонадон, спорт ва болалар майдончалари барпо этилади. Шунингдек, ҳудудда 500 ўринли халқаро мактаб, 300 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 800 та автомашина учун автотураргоҳ ҳамда 10 минг квадрат метр майдонда замонавий дўкон ва ресторанлар қурилиши режалаштирилган.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилганда, 1000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. “Fazo Avenue” мажмуаси нафақат Давлатобод тумани, балки бутун Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган (сурат), ЎзА