English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлатободда очилган кўргазмада устоз-шогирдларнинг 100 дан ортиқ кулолчилик буюмлари намойиш этилмоқда
11:05 / 2024-05-14

ФОТОРЕПОРТАЖ

Наманган вилояти Давлатобод туманидаги “Silk Granat” миллий ҳунармандчилик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Ғурумсарой” халқ ҳунармандчилиги ва касб-ҳунарга ўргатиш марказининг “Янги Ўзбекистонда Ғурумсарой кулолчилик анъанаси” мавзуидаги лойиҳаси доирасида кулолчилик ишлари кўргазмаси очилди.

Кўргазмада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими аъзоси Ваҳобжон Буваев ва унинг шогирдлари томонидан ишланган 100 дан зиёд кулолчилик ҳамда бошқа амалий санъат намуналари намойиш этилмоқда.  

[gallery-17392]

Кўргазма очилишида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, уста ҳунармандлар, талаба ёшлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ғурумсарой кулолчилиги анъаналари ривожланишини уста Ваҳобжон Буваев ижодида кўриш мумкин. Уста 1969 йилда Ғурумсаройда таваллуд топган бўлиб, кулолчилик сирларини моҳир уста Мақсудали Туроповдан ўрганган. Бугунги кунда ҳунарманд ишқорли сир олишда “гуляк” ўтлар йиғиндисидан фойдаланиш, буюмлар шаклини кулолчилик дастгоҳида ишлаш, безакдор нақшларни қўлда чизиш каби анъанавий технологияларни қўллайди. Лаган, бодия, четлари ташқарига қайрилган тоғоралар ва турли майда буюмлар (қаймоқдон, хурмо, сут учун кўзалар) устанинг севимли кулолчилик буюмларидир.  

Ваҳобжон Буваев ўз кулолчилик намуналари билан мамлакатимиз ҳамда халқаро миқёсдаги қатор кўргазма ва фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Хусусан, ўтган йили Фарғона вилоятининг Риштон туманида ўтказилган Халқаро кулолчилик форумида ҳунарманд “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган кулол” номинацияси бўйича ғолиб бўлди.  

Намангандаги “Ғурумсарой” халқ ҳунармандчилиги ва касб-ҳунарга ўргатиш маркази уста Ваҳобжон Буваевнинг саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилган. Ушбу марказ фаолиятининг асосий мақсади талабалар, мактаб ўқувчилари, ёш хотин-қизлар, имконияти чекланган шахсларни халқ ҳунармандчилигига ва касб-ҳунарга ўргатиш, касб маҳоратини оширишга кўмаклашишдан иборат.  

Кулолчилик кўргазмаси май ойининг охирига қадар давом этади.  

 

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА