Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида жамоатчилик, маҳаллий ва хорижлик етакчи экспертларни жалб қилган ҳолда “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа асосида туманда амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Қайд этилганидек, коррупция тараққиёт кушандаси, ривожланиш илдизига урилган болтадир. У ҳамманинг оёғидан чалади, жамиятни издан чиқаради, давлатни пароканда қилади. Ушбу иллатга қарши дунёдаги барча мамлакатлар курашиб келмоқда.
Мамлакатимизда коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан аввал унинг барвақт олдини олишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, айни пайтда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари кўрилиб, олий таълим, қурилиш, соғлиқни сақлаш, давлат харидлари тизимларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси ишлаб чиқилди ва уни ҳаётга татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилди.
“Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани” ахборот кутубхонасида “Ёшлар клуби” вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари билан ташкил этилган учрашувда Давлатобод туманини “Коррупциядан ҳоли ҳудуд”га айлантириш масаласи муҳим эканлиги таъкидланди.
“Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишда бюджет маблағларидан фойдаланиш ва давлат харидлари соҳасидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, шу орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш чоралари кўрилмоқда. Бюджетнинг харажатлар қисми туман ҳокимлиги расмий саҳифаларида мунтазам эълон қилиниб, мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, 871,5 миллион сўмлик 3 та давлат харидини эълон қилишда қонунчилик талабларига риоя этилмагани аниқланиб, Агентлик томонидан буюртмачиларга тақдимномалар киритилди ва шу асосда маълумотлар белгиланган тартибда қайта жойлаштирилди.
Бу жирканч иллатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Лекин шунга қарамасдан, ҳозирги кунда ҳам аксарият соҳаларда коррупциянинг илдизи сақланиб қолаётгани ачинарли ҳолат.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Талъатжон Хайдаровнинг берган маълумотларига кўра, судлар томонидан 2021 йил давомида Давлатобод тумани миқёсида коррупция билан боғлиқ жами 7 та жиноят иши кўриб чиқилган.
– Жорий йил ўтган даври мобайнида 108 нафар ходим очиқ танлов ўтказиш йўли билан ишга қабул қилинган, – дейди Давлатобод тумани прокурори Муҳаммадали Қирғизбоев. – Аммо бу йўналишда масълиятсизликка йўл қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишга киришда коррупциянинг олдини олиш, давлат ташкилотларида мавжуд бўш иш ўринларининг тўғри юритилишини таъминлаш мақсадида ўтказилган назорат текширишлари давомида 3 та ҳолатда иш ўринларини яшириш аниқланиб, 3 нафар ташкилот раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилди.
– Коррупциявий жиноятларни ўз вақтида аниқлаш ва бундай ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш йўлидаги ҳаракатларимиз ижобий натижа бермоқда, – дейди Давлатобод тумани ҳокими Анваржон Тожимирзаев. – Муҳими, лойиҳа доирасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш билан чегараланмай, уларнинг сабабларини ўрганиш, бартараф этиш давом этмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари лойиҳа доирасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини ўрганиш, бартараф этиш борасида давом эттирилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Учрашув якунида “Биз ёшлар коррупцияга қаршимиз” расмлар ва иншолар танлови ғолиблари, шунингдек, тарғибот тадбирларида фаолллик кўрсатган ёшларга эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, Ойбек Нарзуллаев (сурат), ЎзА