9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Мамлакатимизда жаҳон миқёсида глобал муаммо саналган коррупцияга қарши курашда самарали чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ана шулар жумласидан.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Наманган шаҳри таркибидаги Давлатобод туманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га асосан “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу асосда коррупцияга қарши курашиш, бу иллатни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари, блогерлар, туман жамоатчилиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлатобод тумани ҳокими Анваржон Тожимирзаев бошчилигидаги туман секторлар раҳбарлари 16 та банддан иборат, 40 та йўналишни ўз ичига олган мазкур лойиҳа доирасида қилинаётган ишлар, эришилган натижалар ва келгуси режалар бўйича ахборот беришди.

Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида туман ҳудудидаги Орзу, Нуробод, Гулшан, Мустақиллик, Порлоқ, Халқлар дўстлиги, Тўқувчи, Давлатобод, Истиқлол ва Ирвадон маҳаллаларидаги аҳоли гавжум жойларга тарғибот кўргазмали баннерлари ўрнатилди. Истиқлол, Мустақиллик ва Порлоқ маҳаллаларида жойлашган марказий чорраҳалардаги “Лед” мониторли экранларга видео-роликлар жойлаштирилиб, ҳар куни белгиланган муддатларда эълон қилиб борилмоқда. Шунингдек, савдо марказлари, маиший хизмат кўрсатиш масканлари, “Яшил” деҳқон бозори ва “Ғирвон” савдо комплекси ҳудудларида бу жирканч иллатга қарши курашишга ундовчи материаллар жойланди.
Туманда фаолият юритаётган барча давлат хизматчилари хизмат хонасига коррупциянинг оғир оқибатларидан хабардор қилувчи фуршетка, флаер ва тарғибот материаллари ўрнатилди. Коррупцияга дуч келган ҳолатларда мурожаат қилиш мумкин бўлган алоқа каналлари рўйхати шакллантирилиб, туман ҳокимлиги расмий веб-сайтида ёритилди.

Туман ҳокимининг тегишли қарорига асосан ҳокимлик ҳузурида фаоллардан иборат “Жамоатчилик кенгаши” ташкил этилиб, унинг низоми ва 11 кишидан иборат кенгаш аъзолари тасдиқланган. Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2023 йил 11 август куни ўтказилган 34-сессиясида туман прокурорининг “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилиб, бу борада депутатлар томонидан қарор қабул қилинган.
Қайд этиш жоизки, туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, Президент Халқ қабулхонаси, туман ички ишлар бўлими, адлия бўлимида фуқароларни қабул қилиш намунавий хоналари ташкил этилиб, ушбу хоналар кузатув камера мосламалари билан жиҳозланган. Давлат харидлари соҳасида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида соҳада очиқлик ва шаффофликка алоҳида эътибор қаратилди. Тумандаги буюртмачилар томонидан давлат харидлари бўйича берилган эълонлар мунтазам мониторинг қилинмоқда.
Ҳозир Давлатобод тумани ИИБ ҳисобида 34 нафар профилактика инспектори фаолият юритиб, уларнинг барчаси электрон тартибда хизмат олиб бориши учун планшетлар билан таъминланган. Айни кунларда эса уларни “боди” камера билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Туман прокуратураси томонидан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан келишган ҳолда коррупция билан боғлиқ мурожаатлар, маъмурий ва жиноят ишларининг ҳисобот шакли ишлаб чиқилиб, ҳисобот юритиш йўлга қўйилди. Қолаверса, туман ИИБ томонидан Давлатободда содир этилган коррупциявий жиноятлар рўйхати шакллантирилиб, солиштирма таҳлилий маълумотлар тузилган.
Маълумот ўрнида: жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Давлатобод туманида коррупция билан боғлиқ иккита жиноят, иқтисодиёт соҳа ва тармоқларида 162 та ҳуқуқбузарлик қайд этилди. Жумладан, туман солиқ инспекциясининг ҳисобни юритиш ва бюджет даромадларини прогнозлаштириш шуъбаси давлат солиқ бош инспектори ҳамда “Агробанк” Давлатобод филиали бошқарувчиси собиқ ўринбосарига содир этган жиноятлари учун уларга нисбатан Жиноят кодексининг 209 ва 210 моддаларига мувофиқ жиноий иш қўзғатилган.
Матбуот анжуманида журналистлар, ижтимоий тармоқ ва кенг жамоатчилик вакиллари “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси доирасидаги саволларига батафсил жавоблар олишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири