Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда камбағалликни йўқотиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда камбағалликни йўқотиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, иқтисодий юксалишнинг янги тамойили – давлат-хусусий шериклик тизими асосида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу каби мақсадларни кўзда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу жараёнда халқаро молия ташкилотлари ҳам фаол иштирок этаётгани тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
ЎзА мухбирининг Халқаро молия корпорациясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий раҳбари Кассандра Колберт хоним билан суҳбати шу мавзу атрофида бўлди.
– Жаҳон банки гуруҳига кирувчи ташкилотимиз дунёда камбағалликни тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Бу жараёнда биз хусусий сектор фаолиятини рағбатлантиришга, янги лойиҳаларни молиялаштиришга интиламиз.
Таъкидлашни истардикки, Ўзбекистон биз учун муҳим стратегик аҳамиятга эга мамлакат. Шу боис, ишлаб чиқариш, хизматлар, агробизнес ва энергетика каби соҳаларга сармоя киритмоқчимиз. Кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун кредит ва лизинг амалиётларини бажарувчи молиявий ташкилотлар билан ҳам ҳамкорликни давом эттирамиз.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришни рағбатлантириб келаяпмиз. Бошқа халқаро молия ташкилотлари билан биргаликда банк ва кимё секторидаги хусусийлаштириш бўйича давлат дастурларини қўллаб-қувватлаймиз.
Яна бир гап. Ўзбекистон иқтисодиёти юксалишига ишончимиз комил. Мамлакатингиз иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва ўз халқига имкониятлар яратиш бўйича қатъий чора-тадбирларни амалга ошираётгани шу фикрга келишимизга асос бўлди.
– Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳаларга қандай муносабат билдиради?
– 2018 йилдан эътиборан Халқаро молия корпорацияси Жаҳон банки билан биргаликда Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиб келади.
Фикримизни Навоий вилоятидаги фотоэлектрик станция қурилиши мисолида давом эттирамиз. Ўтган йилнинг октябр ойида Бирлашган Араб Амирликларининг "Masdar Clean Energy" компанияси қуёш энергиясини 1 киловатт/соат учун атиги 2,67 центдан етказиб бериш таклифи билан тендер ғолиби сифатида танлаб олинди. Бу ривожланаётган бозорлар ичида энг арзон тарифлардан биридир. Жаҳон банки гуруҳининг "Scaling Solar" дастурлари доирасида таклиф этилган бу лойиҳа тез орада мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш тузилмасига 100 МВт соф қайта тикланадиган энергия қўшади.
Ўзбекистон IFC кўмагида қўшимча 400 МВт учун тендер эълон қилди. Ҳозир ушбу лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Айтиш мумкинки, келажакда қуёш электр станцияларини энергия тўпловчи батареялар билан биргаликда мужассамлаштириш назарда тутилмоқда.
Яна бир янгилик, биз Сирдарё вилоятида 1200-1500 МВт қувватга эга буғ-газли электр станциясини қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳани шакллантириш учун шаффоф ва рақобатли тендер жараёнини тузишда ёрдам беряпмиз. Ушбу йирик лойиҳа Ўзбекистоннинг энергетика инфратузилмасини янгилашга ҳамда аҳоли ва корхоналарни доимий электр энергияси билан таъминлашга ёрдам беради.
Ўзбекистон етарли даражадаги газ захираларига эга ва газда ишлайдиган электр станциялар электр тармоқларини бошқаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, шамол ва қуёш энергияси каби қайта тикланадиган энергия манбаларини кўпайтириш имконини беради. Замонавий ва юқори самара берувчи буғ-газли қурилмалар мавжуд газ қурилмаларига нисбатан газ сарфини икки баробарга, иссиқхона газларининг атмосферага чиқарилишини эса сезиларли даражада камайтиради.
Яқинда Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда ушбу лойиҳа доирасида сармоядорлар учун онлайн анжуман ўтказдик. 100 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, сармоядорлар, молиявий ташкилотлар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар лойиҳа бўйича ишлар кўлами ва транзакциялар тузилмаси, Ўзбекистон энергетика сектори ҳамда давлат-хусусий шериклик бўйича ҳуқуқий-норматив база билан танишди. Мақсад шаффоф ва рақобатли бўлиши кутилаётган тендер жараёнига дунёнинг етакчи сармоядорларини жалб қилиш.
– Давлат-хусусий шериклик тамойилининг истиқболли жиҳатлари ҳақида фикрингиз қандай?
– Давлат-хусусий шериклик тамойилининг энг муҳим томони шундан иборатки, у давлатга хусусий капитал ва тажрибадан жамият фойдаси учун шаффоф ҳамда рақобатли усулда фойдаланиш имконини беради. Давлат томонидан молиялаштириш чекланган ҳолатларда бу энг асосий жиҳат саналади.
Давлат сектори кўпинча маблағ, технология, кўникма ва самарадорлик жиҳатидан ортда қолади. Давлат-хусусий шериклик эса асосий хизматлар кўламини кенгайтиришда ёрдам бериб, давлат секторининг хусусий секторда турли шакллардаги иштироки борасидаги анъанавий ёндашувини тўлдиради.
Мувозанати соғлом ҳуқуқий муҳитда яхши лойиҳалаштирилган ва амалга оширилган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари давлат хизматларини тақдим этиш самарадорлиги ва барқарорлигини ошириши ҳамда бевосита хорижий сармояларни жалб қилиши мумкин. Аммо бу каби лойиҳалар маҳаллий шароитларга мослаштирилиши керак. Бизнинг бу вазифамиз эса ушбу мамлакат ва унинг келажаги учун энг мақбул бўлган ечимларни топиш мақсадида ҳукуматлар ва ривожлантириш бўйича ҳамкорлар билан биргаликда ишлашдан иборат.
ЎзА мухбири
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА
суҳбатлашди.