Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган муҳим сиёсий ҳужжат — тараққиётнинг ҳуқуқий кафолатидир
12:20 / 2023-12-08

Муносабат...

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида “Дунёнинг турли минтақаларида зиддият ва қарама-қаршиликлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бормоқда. Олдимизда янги-янги муаммолар пайдо бўлмоқда. Ҳозирги ўта мураккаб ва таҳликали вазиятда барчамиз янада бирлашишимиз керак” деган чақириғида доно халқимизнинг асрлар давомида шаклланиб, машаққатли йўлида тобланган энг муҳим– “кучимиз халқимизнинг бирлигида, юртимизнинг файзу баракаси аҳилликда” дейилган қадриятларимиздан бирини ўзида тўлиқ намоён этади.

Ана шу маънода 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида Ўзбекистон халқи томонидан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши том маънода халқимиз ҳаётида, давлатчилигимиз тараққиётида, айниқса миллий қонунчилик тизими ривожида оламшумул аҳамиятга эга тарихий воқеа бўлди. Зеро, янгиланган Конституциянинг ижодкори ва муаллифи ҳам, уни қабул қилинишини ирода қилган ҳам халқимиз бўлди. Мазкур, конституциявий ислоҳотлар мазмунида муносабатлар ва устуворликларнинг янгиланган “инсон – жамият – давлат” конституциявий модели асосида инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамият барпо этишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.  

Фикримизча, буларнинг барчаси, давлат раҳбари табригида таъкидланган, "Биз Асосий қонунимизга таянган ҳолда, мана шундай ноёб Конституциямизнинг асосий ижодкори бўлган кўпмиллатли, бағрикенг ва олижаноб халқимиз билан бирга улкан мақсадларимизга албатта етамиз! Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!" деган фикрларига тўлиқ ҳамоҳангдир.  

Янгиланган Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид жаҳон конституциявий амалиётида мавжуд бўлган энг муҳим нормалар ўз аксини топди. Бу уни чинакам “Инсонпарвар Конституция” дейишимиз учун асос бўлмоқда.  

Янги Ўзбекистонни барпо қилиш шароитида “Инсон қадри учун” деган эзгу ва муқаддас ғояни тўлақонли рўёбга чиқариш, мамлакатимизда қонун устуворлигини, адолат муқаррар эканлигини таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бугунги Ўзбекистон барча соҳаларда жадал ривожланмоқда. Жамиятнинг сиёсий фаоллиги юксалган. Мамлакатнинг янги қиёфасини шакллантириш бўйича ишлаб чиқилган “Стратегик дастур”лар асосида барча соҳаларда жадал демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буларнинг натижаси ўлароқ, кўзланган асосий мақсадимиз – "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган оддий ва аниқ-равшан тамойил устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишга астойдил киришилган.  

Ҳозирда мамлакатимизда самарали амалга оширилаётган муҳим дастуриламал ҳужжат ҳисобланмиш “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” – инсон қадрини улуғлаган халқчил бош дастур, деб аталаётган бежиз эмас. Бошқача айтганда, жорий йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ҳамда бевосита муаллифлиги остида янгиланган Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари энг олий қадрият сифатида белгиланиб, “инсон-жамият-давлат” тамойилини амалиётга жорий этишнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилди.

Бу сўнгги йилларда аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий маданияти тубдан ошгани, халқимиз орасида юртимизнинг ёрқин келажагига, барқарор тараққиётга ишонч ҳисси янада кучайганлиги билан ҳам боғлиқдир. Давлатчилик тарихимиз гувоҳки, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда инсонлар тинч ва фаровон ҳаёт кечириб, эртанги орзу-умидлари рўёби сари илдам ҳаракат қилишган. Бу эса ҳуқуқий мезонларнинг такомили билан боғлиқ бўлиб, ўз навбатида машаққатли ва жасоратли меҳнатни талаб этади ҳамда бунга истеъдодли ва салоҳиятли мутахассислар ёрдамида эришилади.

Демак давлат раҳбари таъкидлаганидек, “Мамлакат тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди”...

“Янгиланган Конституциямизда муҳрланган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш келгуси фаолиятимизнинг асосий маъно-мазмунини ташкил этади”.  

Бу ҳуқуқий давлат қуриш учун зарур муҳим талаблардан биридир.

Моҳиятан, Конституция — давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган муҳим сиёсий ҳужжат ҳисобланади. Бошқача айтганда, жамият таянчи ва юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий кафолати, давлатимиз мустақиллигининг ёрқин рамзи, кўп миллатли халқимиз хоҳиш-иродасининг қонуний ифодасидир.  

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган конституциявий нормаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш барча соҳаларда “инсон қадри”нинг том маънода юксалишига, давлат ва жамият ҳаётини “инсон – жамият – давлат” деган тизимга асосланган янги ва замонавий тарзда бошқариш имконини беради.  

Шу боис янги таҳрирдаги Конституция ижросини тўлиқ таъминлаш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифасидир, айни пайтда унга эътибор ва риоя қилиш барчамизнинг бурчимиздир.

Зеро, бирликда ва ҳамжиҳатликда амалга оширилган ҳар қандай амаллар хайрли бўлади. Бу эса пировард натижада адолатли жамият, ҳуқуқий демократик давлат ва фаровон ҳаёт қуришнинг калитидир.  

Президентимиз таъкидлаганларидек, “Танлаган йўлимиздан қатъий олға боришимиз зарурлигини асрлар давомида кўплаб оғир синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва донишманд халқимиз албатта яхши тушунади”.

Буларнинг барчаси бизни ҳозирги тарихий даврда келажак ҳақида чуқур ўйлашга, энг эзгу ниятимиз бўлган мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилишлар ва биргаликдаги ҳаракатлар билан эришиш мумкинлигига яна бир бор инонтирди.

Шу боис, Президент табригида таъкидланганидек, нафақат бизга, балки бутун халқимизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур.

Ойбек ТУРҒУНОВ,  

Жамоат хавфсизлиги университети

бошлиғининг биринчи ўринбосари,  

юридик фанлар доктори, профессор