Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркманистон Межлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи онлайн учрашуви ўтказилди.
Унда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларига, ўзаро яқин савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликка асослангани ҳамда дўстона ҳурмат ва ишонч тамойиллари асосида ривожланаётгани таъкидланди.
Бинобарин, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича икки давлатнинг нуқтаи назари ҳамда позициялари бир-бирига мос ва ўхшашдир.

Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси қардош мамлакатларнинг муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йил 3 - 5 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ўртасида бўлиб ўтган учрашув муҳим тарихий воқеага айлангани қайд этилди.
Таъкидланганидек, давлатлараро муносабатларда парламент дипломатиясининг ўрни тобора ортиб бораётгани ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
Парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш, икки мамлакат парламентлари аъзолари ўртасида доимий алоқаларни йўлга қўйиш каби масалалар муҳокама марказида бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон парламентлари дўстлик гуруҳлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда олий даражада эришилган келишувлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан биргаликда парламент назоратини йўлга қўйиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Учрашув якунида келгусида икки томонлама учрашувлар ва тадбирларга оид “йўл харитаси”ни шакллантириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш бўйича келишувга эришилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА