Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашув ўтказмоқда.
–Чиндан ҳам, бу ҳаётда кўп нарсани ҳал қиладиган омил – бу юксак ирода ва матонатдир. Лекин одамнинг қалбига мана шундай ирода ва матонатни сингдириш, уни тарбиялаб, камолга етказиш – бу албатта осон иш эмас.
Очиқ айтиш керакки, бундай жасорат ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Ўз олдингизга қўйган мақсадга эришиш йўлида сизларнинг бошқаларга қараганда ўн марта, балки юз марта кўпроқ меҳнат қилишингизга, машаққат чекишингизга тўғри келганини ҳам мен яхши англайман.
Мана шундай мураккаб дамларда сизларнинг юрагингизга умид ва ишонч, қатъият ва жасорат туйғусини бағишлаган, сизлар билан ёнма-ён туриб, сизларни доимо қўллаб-қувватлаб, зафарли марралар сари руҳлантирган фидойи инсонлар бор.
Булар – аввало сизларнинг меҳрибон ота-оналарингиз, яқинларингиз, жигарларингиздир. Сизлар эришган ғалабаларда уларнинг ҳам албатта муносиб ҳиссалари бор, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари қаҳрамон спортчиларимизнинг қаҳрамон ота-оналари, оила аъзоларини ҳам олқишлаб, уларга энг эзгу тилаклари ва ҳурматини билдирди.
ЎзА