“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ташаббуси билан Навоий шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаби билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисидаги” Қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишлаб “Давлатимиз байроғи фахримиз, ғуруримиздир” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Ватанимиз мустақиллигининг тимсоли ҳисобланган байроғимиз ўзида халқимизнинг ғайрати ва шижоатини мужассам этган. Бу йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганига 30 йил тўлади.
- Ватанимиз байроғи ўзининг кўрки ва жамоли билан қадимда мавжуд бўлган миллий давлатларимиз билан тарихан боғлиқлигини англатиб, барча ижтимоий-маданий қадриятларимизни ўзида мужассамлаштиргани билан аҳамиятлидир, - дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев.
- Ўзбекистон байроғи тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, тинчликсеварликни, беғуборлик ва софликни, орзулар тозалиги ва ички гўзалликка интилувчанликни, навқиронлик ва умидлиликни, табиат билан уйғун янгиланиб боришни билдиради.
Байроғимиздаги юлдузлар тасвири эса ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз она ерида саодатга интилиши рамзидир. Ватан байроғига эътибор, унга ҳурмат кўрсатиш ва қадрлаш замирида ватанпарварлик туйғулари ётади. У ёшлар тарбиясида алоҳида аҳамиятга эга.
Тадбирда ўқувчилар ўртасида тасвирий санъат, тўқиш, Хенд-менд (чиқиндилардан ижодий ишлар), мунчоқли безак йўналишлари бўйича ижодий ишлар танлови ўтказилди. Унда иштирокчилар маҳоратларини ишга солган ҳолда Давлатимиз байроғини ўзларининг ижодий ишлари орқали тасвирлаб берди.
Танловга тақдим этилган ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, баҳоланди.
Хенд-менд йўналиши бўйича 1-ўринга Шаҳризода Ҳолиқулова, мунчоқли безак йўналиши бўйича 1-ўринга Марварид Ташқулова, тасвирий санъат йўналишида 1-ўринга Озодбек Эшназаров, тўқиш йўналиши бўйича 1-ўринга Эъзоза Худойқулова муносиб кўрилди.
Танлов ғолиблари ва совриндорларига “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлимининг совғалари топширилди.
Тадбир давомида мактаб ўқувчилари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.
Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан маънавий-маърифифй тадбирлар ўтказилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА