Ҳуқуқий демократик давлатда жамиятдаги муносабатлар қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниб боради. Жумладан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг асосий мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни назарда тутади. Демакки, давлат харидлари соҳасидаги муносабатлар амалга ошар экан, табиийки, тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар ва низолар юзага келиши мумкин, бу борада ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ҳам сир эмас.
Иқтисодий судларда кўрилаётган бу тоифадаги асосий низолар қаердан келиб чиқади ёки қандай юзага келади? Албатта, у ёки бу тараф белгиланган мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик туфайли.
Мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик деганда нимани тушуниш мумкин? Бу ҳолда соҳада қонун билан ўрнатилган ёки тарафлар ўртасидаги шартномавий келишувга кўра томонлар ўз зиммасига олган мажбуриятларини умуман бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик тушунилади.
Ўрни келганда айтиш жоизки, агар японларга шартномавий мажбуриятлар нега бажарилмайди, сизларда бу каби низолар кўпми, деган савол берсангиз, улар япон бўлишса ҳам, инглизчада “What?” – “Нима? Шартнома мажбуриятлари бажарилмаса, нега шартнома тузилади?” дегандек, сизга хайрон бўлиб қарашади.
Аммо иқтисодий судларда кўрилаётган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, энг кўп низолар шартномавий мажбуриятларни бажармаганлик билан боғлиқ. Давлат харидлари соҳасидаги низолар эса, шартномавий мажбуриятларни бажармаганлик билан бирга, шартнома тузиш тартиб ва шартларига амал қилмаслик натижасида келиб чиқмоқда.
Тўғри, судга низо келиб тушиб, даъво бўйича иш қўзғатилдими, демак, у ёки бу қарор қабул қилинади. Аммо масала бунда эмас.
Мавзу доирасидаги асосий масала – бу тоифа низоларнинг келиб чиқиш ва кўпайиб бориш омилларини таҳлил этиш, уларнинг олдини олиш, бундай низоларни имкон қадар камайтириш учун креатив ечимлар, илғор замонавий ёндашувлар ва миллий ҳуқуқ тизимимизга хос механизмларни амалиётга татбиқ этишдан иборат.
Шу маънода, бу тоифа низоларнинг келиб чиқиш ва кўпайиб бориш омиллари қуйидагилар:
Биринчидан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сўзсиз ижро этилиши лозим ва бу аксиомадир. Бироқ таҳлиллар кўплаб ҳолатларда айнан қонун нормалари бузилаётганлигини кўрсатади.
Бунда, албатта, бирламчи омил тадбиркорлар — давлат харидлари ижрочиларининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти билан боғлиқ. Яъни, давлат харидлари соҳасидаги қонун нормаларига нисбатан онгли равишда қонун бузилишларига йўл қўйиш, ўз манфаатларини жамият манфаатларидан устун қўйиш кўникмасидан чиқиб кета олмаётганлик, шунингдек, давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи аниқ қонун нормаларини тўғри талқин қилмаслик ёки қонун нормасидан атайин нотўғри фойдаланиш каби муаммолар мавжуд.
Бундай муносабатдан мақсад эса, давлат харидлари субъектларининг давлат харидлари, тендер, электрон давлат харидлари, харид қилиш тартиб-таомиллари ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукционларга оид қонун нормаларини четлаб ўтиш орқали, давлат харидлари юзасидан шартнома, келишув ва баённомаларни қўлга киритиб, ҳар икки томон ёки маълум гуруҳларнинг манфаат топишига йўл очиш — яъни, коррупциядир.
Масалан: келишилган давлат харидлари, электрон давлат харидлари ва тендерлар жараёнида ўзаро бир шахс ёки бир гуруҳга тегишли бўлган бир неча тадбиркорлик субъектларининг иштирок этиши ҳамда ғолибликни қўлга киритиш орқали манфаатдор бўлиш ҳолатлари кузатилади.
Шунингдек, давлат харидлари иштирокчилари томонидан тил бириктириш йўли билан шартнома тузиш тартиб ва шартларига амал қилмасдан туриб, давлат харидларини қўлга киритиш ҳолатлари ҳам мисол бўлади.
Иккинчидан, ушбу қонун нормаларини ёки қонун нормаларини амалга ошириш механизмларининг (қонун ости ҳужжатлари) мукаммал эмаслиги.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида қонуннинг амал қилиш соҳасига оид нормалар аниқ ва мукаммал баён этилмаганлиги, амал қилиш доираси императив тарзда қайд этилмаганлиги туфайли, давлат харидлари иштирокчилари ушбу нормалардаги бўшлиқларни ўз манфаатларига мос тарзда талқин этишлари мумкин.
Аслида, ҳар қандай қонуннинг мукаммаллик мезонлари — қонун нормалари тўғридан-тўғри ва тизимли равишда ижро этилиши, қонун ижроси таъминланганлиги билан ўлчанади. Шунингдек, қонун нормаларининг содда, равон, аниқ ва тушунарли бўлиши ҳамда республика ҳудудларида бир хилда ижро этилишини таъминлаш учун шарт-шароитлар мавжудлиги инобатга олиниши лозим. Қонунда осмонўпар нормалар бўлмаслиги, қонунни амалга ошириш жараёнида коррупцияга ёки кўзбўямачиликка олиб келувчи нормалар белгиланмаслиги муҳимдир.
Мисол учун, Сариосиё туманида тўққиз ва ундан баланд этажли кўп хонадонли уй-жойларни қуришда Сурхондарёда нечта шундай имконият ва шарт-шароитга, моддий-техник базага эга қурилиш субъектлари мавжудлиги ёхуд бошқа ҳудудлардан келадиган бундай субъектлар учун давлат харидлари таннархи қанчалик ўзгариши мумкинлиги каби қатор ҳолатлар мазкур қонунда эътиборга олинмаганлиги билан изоҳланади.
Бундан ташқари, қонуннинг аксарият нормалари давлат харидлари, электрон давлат харидлари ва тендерлар ўтказиш жараёнига, шартномалар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказишгача бўлган ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларга тааллуқлидир. Лекин қонунда давлат харидларининг кейинги тақдири, жумладан, унга ажратилган маблағнинг мақсадли сарфланиши, қўшимча харажатлар ва қўшимча келишувлар жараёнида шаффофлик ва тезкорликни таъминлайдиган мақбул ҳуқуқий механизмларни белгилаш каби масалаларда катта бўшлиқ мавжуд. Айни шу ҳолатлар ҳам бу соҳада ҳуқуқбузарлик ва низоларнинг ортишига омил бўлмоқда.
Учинчидан, давлат харидлари, электрон давлат харидлари ва тендерлар орқали шартномалар асосида давлат буюртмачилари учун товарлар, ишлар ва хизматларни пулли асосда таъминлаш жараёнига аралашув ва таъсирлар.
Масалан, судда кўрилаётган низолар таҳлилида, тарафлар томонидан судга тақдим этилаётган тушунтириш ва кўрсатмалардан маълум бўладики, айрим мансабдор шахслар ва масъул ташкилотлар томонидан давлат харидлари, электрон давлат харидлари ва тендерлар орқали шартномалар асосида давлат буюртмачилари учун товарлар, ишлар ва хизматларни пулли асосда таъминлаш жараёнида шартномалар тузмасдан, рўйхатдан ўтказмасдан, қисқа муддатларда бажаришга ундаш, ишонтириш ёки ихтиёрий-мажбурий равишда буюртмачи ва ижрочига оғзаки фармойиш бериш ҳолатлари кузатилади.
Юқорида қайд этилганлар каби омиллар таъсирида давлат харидлари соҳасида ҳуқуқбузарликлар ва судлардаги низолар сони ортиб боради. Энди суддаги бу турдаги оғир "кейc"га мурожаат қиламиз, албатта, бу мисол давлат харидларига оид.
Давлат харидларига оид шартномавий муносабат бўйича киритилган даъво аризасига кўра, даъвогар А ва жавобгар Б ўртасида 2023 йил 5 декабрь куни 68927-сонли шартнома тузилган бўлса-да, ушбу шартнома ғазначилик бўлинмасидан рўйхатдан ўтмаган.
Бироқ, давлат рўйхатдан ўтмаган шартнома шартларига кўра, даъвогар жавобгарга тегишли бўлган Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги ххх кўчаларини лойиҳа-смета ҳужжатларидаги иш ҳажмларини тўлиқ бажариш мажбуриятини олган. Буюртмачи эса Подрядчига қурилиш ишларини бажариш учун зарур шароитлар яратиш, уларни ўз вақтида қабул қилиш ва тўловни ўз вақтида амалга ошириш мажбуриятини олган.
Жавобгар томонидан тегишли тартибда бажарилган ишларнинг қиймати тўлаб берилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига мувофиқ, тарафлар ўртасида тузилган хўжалик шартномалари бўйича зиммаларига олинган мажбуриятларни ўз вақтида ва тегишли тартибда бажаришлари шарт.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 234-моддаси (кейинги ўринларда ФК деб номланади)га кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Аниқланишича, тарафлар ўртасида тузилган шартномалар Ғазначилик бўлинмасидан рўйхатдан ўтмаган бўлса-да, даъвогар томонидан бажарилган ишлар жавобгар томонидан ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилинган.
Шундай ҳолатда, давлат харидларига оид муносабат бўйича, даъвогар А жавобгар Бдан зарар ундиришни, яъни давлат харидларига оид муносабат бўйича рўйхатдан ўтмаган шартнома асосида тадбиркорлик субъекти сифатида давлат ташкилотига қилган иши ёки етказиб берган маҳсулоти ҳаққини талаб қилди.
Яна бир ҳолатда, даъвогар В ва жавобгар Г ўртасида тузилган 04-сонли, 05-сонли, 06-сонли, 07-сонли, 08-сонли, 09-сонли, 11-сонли, 12-сонли ва 13-сонли шартномалар тузилган бўлса-да, ушбу шартномалар Ғазначилик бўлинмасидан рўйхатдан ўтмаган.
Шартнома шартларига кўра, даъвогар жавобгарга тегишли бўлган мактабларда жорий таъмирлаш ишларини олиб борган, бироқ жавобгар томонидан тегишли тартибда бажарилган ишларнинг қиймати тўлаб берилмаган.
Аниқланишича, тарафлар ўртасида тузилган шартномалар Ғазначилик бўлинмасидан рўйхатдан ўтмаган бўлса-да, даъвогар томонидан бажарилган ишлар жавобгар томонидан ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилинган.
Натижада, жавобгарнинг даъвогар олдида 507 014 666 сўмлик пул мажбурияти вужудга келган. Шу боис, даъвогар жавобгарга бир неча бор огоҳлантириш хатлари билан мурожаат қилган, бироқ талабномалар жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган.
Судда берган кўрсатмага асосан, даъвогар томонидан 507 014 666 сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилган, бу эса даъво аризасига илова қилинган “Д” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари, даъвогар раҳбари ва жавобгар раҳбари ўртасида тузилган 2024 йил 30 март кунидаги ххх-сонли мактаблар, МММТБ биноси, х-МТТ биноларини жорий таъмирлаш ва ххх-мактабларга иситиш қозонлари ўрнатиш, объектларида пудратчи томонидан амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўтказилган назорат ўлчови асосида тузилган далолатнома ва тегишли лицензияга эга “Д” масъулияти чекланган жамиятининг берган назорат ўлчови хулосаси билан ўз исботини топган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг 23.12.2016 йилдаги “Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 306-сонли қарори 3-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек, уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга киради.
Агар ғазначилик бўлинмасида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиққан низони ҳал этишда, шартнома рўйхатдан ўтказилмаганлиги аниқланса, судлар мазкур қарорнинг 2.3-бандида белгиланган қоидаларни қўллашлари лозим.
Энди айтингчи, бир тарафдан жуда мукаммал бўлмаган давлат харидларига оид қонун ҳужжатлари нормалари бузилди, иккинчи тарафдан факт сифатида тадбиркор харажат қилди, иш бажарди, зарар кўрди. Унинг кўрган зарари қопланиши керакми ёки шартнома рўйхатдан ўтмагани боис, тадбиркор қилган харажат қайтарилмаслиги керакми?
Хулоса ўзингиздан. Лекин, суд шунинг учун ҳам судки, у барча фактик ҳолатларни аниқлаб, адолатли хулосага келиши шарт.
Нуриддин Муродов
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси