Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлатдан субсидия олган тадбиркор 18 нафар аёлни доимий иш билан таъминлади
08:54 / 2023-01-24

Фарғона вилояти Бағдод туманининг "Чекмирзаобод" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мавжудахон Эрназарова касаначилик фаолиятини йўлга қўйган тадбиркор аёл. У "Diyor-Davron Ziyo Nur" оилавий корхонаси фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"да рўйхатга олинган, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган 18 нафар хотин-қизлар билан меҳнат шартномасини тузди.

Табиийки, иш берувчи ўз ходимларини керакли асбоб-ускуна ва воситалар билан таъминлаши зарур. Тадбиркор Мавжуда Эрназарова шуни инобатга олиб, 89 миллион 500 минг сўм эвазига 3 турдаги 18 та тикув машиналарини харид қилди. Президентимизнинг 2022 йил 21 апрелдаги "Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида ушбу ускуналар хариди харажатларининг 50 фоизи Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди.

- Корхонамизда катта ва кичик ёшдагилар учун қишки-ёзги кийимлар, келинлар либослари ва сарполари ҳамда янгича дизайндаги пардалар тикилади, - дейди М.Эрназарова. - Янги тикув машиналарини сотиб олиш харажатларининг тенг ярмини қоплаб бериш учун субсидия ажратилгани менга жуда катта кўмак бўлди. Насиб бўлса, бундан кейин ҳам фаолиятимизни босқичма-босқич кенгайтириб борамиз.  

Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ўтган йилда 61 нафар фуқарога 188 миллион 400 минг сўм маблағ субсидия тариқасида ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланган. Шунингдек, 608 нафар фуқаро касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш курсларига жалб этилди.

 

М.Сулаймонов, ЎзА