Фармон ва ижро
Пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида бўлиб ўтган давра суҳбати мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро молия ташкилотларини бирлаштириш учун мувофиқлаштирувчи платформани яратишга бағишланди.
Унда Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Энрико Пинали ва бошқалар мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга татбиқ этиш, бу жараёнда маҳаллий ва халқаро молия ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳамда қўллаб-қувватлаши амалий самара беришини қайд этди.

Давра суҳбатидан кўзланган мақсад Молия вазирлиги томонидан мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида фаолият юритаётган халқаро молия ташкилотларини бирлаштириш учун мувофиқлаштирувчи платформани ишга туширишга қаратилган. Ушбу платформа Ўзбекистонда ДХШ лойиҳаларини донорлар томонидан қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш йўлида конструктив мулоқотни ташкил этиш, маълумотлар алмашиш, шунингдек, истиқболдаги режаларни белгилаб олиш ва Ўзбекистонда барқарор ДХШ асосларини яратишга қаратилган учрашувлардан иборатдир.
– Давлат-хусусий шериклик ислоҳотлари бўйича мувофиқлаштирувчи биринчи халқаро давра суҳбати ташкил этилди, – деди Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Ҳасан Ҳасанов. – Бу жараёнда олиб борилаётган ишларни янада яхшилаш, шароитлар яратиш, шунингдек, ҳозирги кунгача ДХШ бўйича олиб борилган лойиҳаларда юзага келган муаммолар асосида қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш борасида фикр алмашишга қаратилган. Ушбу ташаббус доирасидаги биринчи учрашув Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликда ўтказилди. Тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистондаги ДХШ сиёсати ва асосларини доимий донор ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқиш, камчиликлар ва хавфларни муҳокама қилишдир. Учрашув давомида билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилади ҳамда ДХШ "йўл харитаси"ни тайёрлашда фойдаланилади. Навбатдаги учрашувни алоҳида соҳалар бўйича ташкил этиш режалаштирилган.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан республиканинг масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019-2021 йиллар ва 2022 йил январь – август ойлари давомида умумий қиймати 12,37 миллиард доллардан ортиқ бўлган жами 393 та давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича ишлар олиб борилди. Энергетика соҳасида 26 та, коммунал хизматлар соҳасида 3 та, соғлиқни сақлаш соҳасида 48 та, сув хўжалиги соҳасида 133 та, экология соҳасида 69 та, таълим соҳасида 67 та, ҳунармандчилик саноати соҳасида 13 та, маданият соҳасида 26 та, транспорт ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳаларида 2 тадан ҳамда ахборот технологиялари, солиқ, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида 1 тадан лойиҳа шулар жумласидандир.

Ушбу лойиҳалар таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, ДХШ тўғрисидаги битим имзоланган лойиҳалар – 324 та, ДХШ тўғрисидаги битими имзоланиш арафасида бўлган лойиҳалар – 40 та ва тендер босқичида бўлган лойиҳалар сони – 29 тани ташкил этади.
Давра суҳбатида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли маҳаллий ҳамкорларни давлат-хусусий шериклик йўналишида қўллаб-қувватлашини қайд этди.
– Биз яқинда Жаҳон банки ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йиллигини нишонладик. Бундай ўзаро алоқалар икки томон учун фойдалидир. Муҳими, биз бу ҳамкорликнинг натижаларини кўряпмиз. Бугунги давра суҳбатида муҳокама қилаётган мавзу ҳақида гап кетганда, ДХШ – биз узоқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келаётган соҳа. Бироқ мазкур йўналишда баъзи жиҳатларда кутилгандек ишламаяпти. Шу сабабли, бу борада ишларнинг самарали бўлишини таъминлаш зарур. Биз лойиҳалар пакетининг ортаётганини кўряпмиз. Ўзбекистон учун ушбу лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини назорат қилиш жуда муҳим эканини қайд этамиз. Албатта, бу борада биз қўллаб-қувватлаймиз ва ҳамкорликда ишлаймиз.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросига асосан энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, экология, коммунал хизматлар, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларга қиймати қарийб 14 миллиард доллардан иборат бўлган 154 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилаётгани таъкидланди.
Насиба ЗИЁДУЛАЕВА, ЎзА мухбири