English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилди
22:01 / 2025-06-10

Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан 2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич республиканинг 7 та ҳудудида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати ташкил этилиши белгиланган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ва тадбиркор ўртасида битим имзоланиб, Косон туманида давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилди.

Бунда ногиронлиги бўлган болалар қамраб олинади ва ижтимоий, реабилитацион ҳамда бошқа турдаги хизматлар кўрсатилади. Натижада эса ишлаш истаги бўлсада, уйда ногиронлиги бўлган фарзанди билан банд бўлиб, севимли касби билан шуғуллана олмаган фуқаролар учун ишлаш имконияти яратилди.

– Ўзим мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман, – дейди Гўзал Азимова. – Ногирон фарзандим бор. Уни қаровчига бериб ишга бораман. Икки-уч кун қарагач, иши чиқиб қолганини рўкач қилиб қолади. Ишдан қолишимга тўғри келади. 10 йил мобайнида шу масалада қийналдим. Туманимизнинг ўзида кундузги парвариш хизматининг йўлга қўйилгани мен каби ишловчи оналар учун айни муддао бўлди. Эрталабки соат 8 дан 17:00 гача фарзандим ишончли қўлларда. Шароитлари ҳам жудаям яхши. Бундан миннатдормиз. 

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири