Тошкентда “Давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари ташкил этишда ва бундай муассасалар фаолиятида ноҳалоллик хавфи омиллари” мавзусидаги тадқиқот натижаларининг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Қайд этиш жоиз, мазкур тадқиқот ҳамкорлар томонидан амалга ошириб келинаётган “Ўзбекистонда илк аксил коррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Турли гуруҳ респондентлари ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровга республикамизнинг 7 ҳудуди — Тошкент, Бухоро, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва пойтахтдаги туман мактабгача таълим бўлимлари, ҳокимликлар, банклар вакиллари, давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, тарбияланувчиларнинг ота-оналари жалб қилинган.
Таассуфки, Институционал-ҳуқуқий таҳлил ва ижтимоий сўровнинг дастлабки натижалари айрим давлат-хусусий шериклик фаолияти жараёни ва тартиби самарасиз йўлга қўйилгани, коррупция хавфи омилларидан холи эмаслигини кўрсатди.
Респондентлар гуруҳларининг аксарияти ДХШ асосидаги мактабгача таълим муассасаси учун лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида қийинчиликлар мавжудлигига эътибор қаратган. Хусусан, тадбиркорларнинг 25 фоизи ариза бериш тартиби мураккаблигини, 17 фоизи шаффоф эмаслигини, 10 фоизи жараён ўта бюрократик эканини таъкидлаган.
Туман ҳокимликлари вакилларининг учдан икки қисми, тадбиркорларнинг ярми ва туман мактабгача таълим бўлимларининг ҳар учинчи мутахассиси ДХШ асосида мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш шартномасини тайёрлаш ва расмийлаштириш тартибини соддалаштириш зарур, деган фикрни илгари сурган. Сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 53 фоизи танлов жараёни очиқ ва холис эмаслигини айтган, учдан бири баъзи тендерлар белгиланган мақсадга эришиш учун эмас, балки фақат бюджет маблағини ўзлаштириш учун ўтказилади, деган фикрни билдирган.
[gallery-9783]
Туман ҳокимликлари ва мактабгача таълим бўлимлари мутахассисларидан иборат респондентларнинг, деярли, ҳар бешинчиси тадбиркорлар комиссия аъзоларига шахсий хизмат кўрсатиш, нуфузли шахсларни жалб қилиш ёки пул мукофоти бериш орқали танлов натижасига таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Саралашда иштирок этган тадбиркорларнинг 22 фоизи танлов комиссияси қарорига таъсир қилиш механизми мавжудлигига ишонади.
Туман ҳокимликлари вакилларининг, қарийб, 36 фоизи саралашда шаффофликни таъминлаш зарурлигини, туман мактабгача таълим бўлимлари мутахассисларининг 74 фоизи очиқ ахборот тизими жорий этилишини таклиф қилмоқда.
Мактабгача таълим муассасасини очишда субсидияни кечиктириш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Масалан, туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг учдан бири имзоланган шартномалар бўйича субсидия вақтида тўланмаганини тасдиқлаган. Ҳатто, тадбиркор томонидан қўшимча субсидия олиш мақсадида мактабгача таълим муассасаларидаги болаларнинг ҳақиқий сонини ошириб кўрсатилиши ҳам бор гап. Шу билан бирга кўпчиллик респондентлар фикрича, субсидия ва кредит кечиктирилган ёки берилмаган тақдирда, хусусий шерик, компенсация ёки жарима шаклидаги кафолатга эга эмас.
Яна бир муаммо шундаки, тадбиркор билан муносабатда ҳалоллик қоидасини бузган давлат ҳамкорига нисбатан қандай жазо чораси қўлланиши бўйича аниқ тушунча йўқ. Сўров жараёнида 73 фоиз тадбиркор бундай санкция мавжудлигидан умуман бехабарлиги аён бўлди.
Ўз навбатида ҳокимлик вакилларининг тадбиркорларга нисбатан эътирози борлиги ҳам маълум бўлди. Масалан, туман ҳокимликлари вакилларининг учдан бир қисми хусусий тадбиркор томонидан мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ДХШ асосида ташкил этишда ҳисобот бериш талаби бузилаётганини таъкидлаган. Ҳокимлик мутахассисларининг 27 фоизи, банк вакилларининг 58 фоизи тадбиркорлар фаолиятида молиявий қонунбузарлик мавжудлигини таъкидлаган.
Туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг 47 фоизи тадбиркорлар педагоглик, 42 фоизи молиявий фаолиятни ташкил этиш, 36 фоизи кадрлар сиёсати масаласида малакаси етарли эмас, деб ҳисоблайди. Вакилларнинг учдан бир қисми тадбиркорлар ахлоқ меъёрини бузаётганига, ҳар бешинчиси тадбиркорлар зарур бошқарув маҳоратига эга эмаслигига ишончи комил.
Муҳокама иштирокчиларига аниқланган хавф-хатарларни пасайтириш бўйича тавсиялар берилди. Экспертларнинг коррупцияга қарши курашиш стратегияси ва коррупция хавфини баҳолаш услубияти бўйича маърузалари тингланди. Аниқланган коррупция хавфи омилларини камайтириш ва давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар самарадорлигини ошириш учун ҳамжиҳатликда иш олиб бориш лозимлиги эътироф этилди.
Муҳокама якунида Мактабгача таълим вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашига амалдаги қонунчиликка коррупция хавфини камайтиришга доир ўзгаришлар киритиш бўйича тавсиялар киритилиши маълум қилинди.
Саидмурод Раҳимов,
Аълохон Абдуллаев (сурат),
ЎзА