Самарқанд шаҳрида Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Давлат хизматларини кўрсатишда гендер масалалари” мавзусида тўрт кунлик кузги мактаб ташкил этилди.
Кузги мактаб — Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ва Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида йўлга қўйилди. Лойиҳа барча фуқаролар, хусусан аёллар, ёшлар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун сифатли, инклюзив ва қулай давлат хизматларига тенг имконият яратишни мақсад қилган.
Ўқувда мамлакатимизнинг танлаб олинган 14 ҳудудидан 30 нафардан ортиқ хотин-қизлар маслаҳат гуруҳи (WAG) экспертлари ҳамда Давлат хизматлари марказлари ходимлари қатнашмоқда. Улар гендер тенглик, инклюзивлик ва фуқароларга йўналтирилган хизмат кўрсатишни ривожлантириш бўйича ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Латвиянинг МАРТА маркази халқаро экспертлари олиб бораётган интерфаол машғулотлар давомида иштирокчилар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламлари билан самарали мулоқот ўрнатиш, психологик биринчи ёрдам кўрсатиш, зиддиятли вазиятларни юмшатиш ҳамда гендер асосидаги зўравонлик ҳолатларига жавоб бериш ва уларни тегишли ташкилотларга йўналтириш бўйича амалий усулларни ўрганмоқда.
Шунингдек, дастур доирасида маҳаллий экспертлар ҳам маҳорат дарсларини ўтмоқда. Жумладан, Марказий банк вакили Камила Ибрагимова ва Адлия вазирлиги вакили Воҳид Жуманов рақамли давлат хизматлари ва молиявий саводхонлик бўйича сессияларни олиб бордилар. Улар бюджет тузиш, жамғарма ва рақамли тўловлар мавзуларини ёритиб, хусусан, қишлоқ жойлардаги аёлларни мй.гов.уз платформасидан самарали фойдаланишга ўргатиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратишди.
[gallery-26306]
– Кузги мактабнинг энг муҳим натижаларидан бири — иштирокчиларнинг маҳаллий хизматларни режалаштиришда гендер статистикаси ва фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш кўникмаларининг мустаҳкамлангани бўлди, – дейди Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги Хотин-қизлар маслаҳат гуруҳи эксперти Ойсара Норсафарова. – Бу ёндашув хизматларнинг инклюзивлигини ошириб, уларнинг ҳақиқатан ҳам аҳолининг эҳтиёжларига мос бўлишини таъминлайди.
Кузги мактаб якунида иштирокчиларга тегишли сертификатлар берилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири