Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматларини кўрсатишда 220 мингдан ортиқ қонун бузилиши аниқланган
17:06 / 2025-12-11

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида парламент назоратига оид бир қатор масалалар кўриб чиқилмоқда.

Дастлаб адлия вазири А.Тошқуловнинг “Давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.  

Вазир ўз ахборотида таъкидлаганидек, давлат хизматларини кўрсатиш тизимида бюрократик тўсиқларни қисқартириш, давлат идоралари фаолиятини рақамлаштириш ва автоматлаштириш орқали инсон омилини камайтириш ҳамда шаффофликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 208 та туман ва шаҳарларда давлат хизматлари марказлари, шунингдек, 138 та олис ва тоғли ҳудудлардаги филиаллари фаолият юритмоқда.  

Давлат хизматлари марказлари хизматларидан фойдаланиш даражаси йилдан йилга ўсиб боряпти. Жумладан, бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 770 дан ортиқ, давлат хизматлари марказлари орқали эса 500 дан ортиқ хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилган.  

Айни вақтда кунига ўрта ҳисобда 100 мингга яқин фуқаро мазкур марказларга мурожаат қилмоқда. Биргина шу йилнинг 9 ойида ушбу марказлар томонидан 19,7 миллиондан зиёд хизматлар кўрсатилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан хизматлар сони 3,5 миллионга ошган.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 150 турдаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилиниши натижасида уларнинг 22,7 млрд. сўмдан ортиқ маблағлари тежалишига эришилган. 200 дан ортиқ давлат хизматлари бўйича ариза бериш жараёнлари “3 қадам” тамойили асосида соддалаштирилган.

Ўзига ўзи хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш мақсадида 200га яқин маҳаллаларда 24/7 режимидаги интерактив киосклар ўрнатилган. Ўтган йилда кўрсатилган 27,4 миллиондан ортиқ хизматларнинг 13,8 миллиондан ортиғи ёки 50,4 фоизи Ягона интерактив хизматлар портали орқали кўрсатилган. Яна 1 минг 100 та инфокиосклар харид қилиниб, энг чекка ҳудудларга ўрнатилиши режалаштирилган.  

Онлайн хизматларга ўтиш натижасида Давлат хизматлари марказларига мурожаатлар бироз камайишига эришилган. Авваллари 1 кунда 100 мингта мурожаат бўлган бўлса, ҳозирда 35 мингтагача камайди. Яъни, фуқароларнинг ўзи онлайн тарзда керакли ҳужжатларни олиш имконияти яратилди.  

ФҲДЁ тизимида кўплаб муаммолар борлиги аниқланди. Масалан, кимлардир туғилиш гувоҳномаси ёки никоҳ гувоҳномасини олмаган ва ҳоказо. Шу боис, ўтган йили “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” деган акция ўтказилиб,  натижада 116 мингдан ортиқ фуқароларга гувоҳнома ва бошқа турдаги ҳужжатлар расмийлаштириб берилган.

Вазирлик томонидан коррупциявий омиллар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш соҳасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органларда ўтказилаётган назорат ва бошқа тадбирлар натижасида шу йилнинг 11 ойида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жами 220 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.  

Бу 2024 йилнинг 11 ойига нисбатан икки ярим бараварга камайган. Шу билан бирга, муддат бузилиши ҳолатлари 3,5 баравар, асоссиз рад этиш ҳолатлари 2 баравар, ортиқча ҳужжат талаб қилиш ҳолатлари 2 баравар камайишига эришилган.

Давлат хизматлари кўрсатишда энг кўп қонун бузилиш ҳолатлари соғлиқни сақлаш, кадастр, қурилиш ва коммунал соҳаларга тўғри келган. Бу тизимларнинг ҳар бири билан ишлаш баробарида “Сирли мижоз” тадбирлари ўтказилиб, қонун бузилишларни бартараф этиш чоралари кўрилди.  

Аниқланган ҳолатлар бўйича 4,5 минг фуқарога маъмурий жарима қўлланилди, 946 та тақдимнома, 1 минг 900 дан ортиқ огоҳлантириш хатлари киритилди. 313 нафар шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди, 14 нафар шахс ўз лавозимидан озод этилди.  

Шу билан бирга, давлат хизматлари марказлари фаолиятини 3 мингдан ортиқ камера орқали масофавий мониторинг қилиш, сифатини баҳолаш ва самарадорлигини таҳлил қилиш бўйича “Ситуацион марказ” фаолияти йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли органлар ҳамда фуқароларнинг ортиқча вақт ва сарф-харажатларининг олдини олиш мақсадида 11 та давлат хизматлари бўйича рад этиш ҳолатлари ариза бериш жараёнида автоматик тарзда текшириш имконияти яратилиб, 1,5 миллионга яқин рад этиш ҳолатларининг олди олинди.

Шунингдек, вазир келгусида режалаштирилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:

– Яқинда Президентимиз иштирокида тақдимот бўлиб ўтди. Бюрократияни бартараф этиш дастурига старт берилди. Ушбу дастур доирасида давлат хизматлари сонини 2030 йилгача 1 минг 500 тага етказиш, электрон хизматлар улушини 95 фоизга етказиш вазифаси кўзда тутилган.  

Келаси йилда яна 250 та хизматларни кўрсатишни ўз олдимизга белгилаб олганмиз. Кўплаб ҳужжатларни электрон тарзда олиш имконияти юзага келади. Яна 15 та турдаги ҳаётий вазиятлар бўйича давлат хизматини кўрсатиш тизими йўлга қўйилади.  

Умуман, мазкур йўналишдаги ишлар давлат органларининг фуқароларга осон ва қулай тарзда хизмат кўрсатишини амалга ошириш имконини яратади, – деди адлия вазири.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА