Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматларидан фойдаланиш енгиллаштирилди
12:27 / 2021-04-16

Президентимиз жорий йил 23 мартда “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.

Гулистон шаҳри Сирдарё юридик техникумида вилоят адлия бошқармасининг ташаббуси билан республика, маҳаллий босма ва электрон нашрлар, телерадиокомпания журналистлари, блогерлар учун ташкил этилган тадбирда айни ҳужжатда белгиланган вазифалар хусусида сўз борди.

Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчилари мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти, ушбу ҳужжатнинг жамиятимиздаги аҳамияти тўғрисида батафсил маълумот берди.

– Давлат хизматларидан фойдаланиш учун мурожаат этувчи аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг сони доимий равишда ўсиб бориши мазкур соҳани такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўрилишини талаб этмоқда, – деди юридик фанлари номзоди Шуҳрат Раҳмонов. – Аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш давом эттирилишини таъминлаш мазкур фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсаддир.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди. 2021 йил 1 июндан етти турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш: туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш, фарзандликка олиш қуйидагилар экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.  

Бугунга келиб, 60 миллиондан ортиқ ФҲДЁ архив ҳужжатлари тўлиқ рақамлаштирилган.

2020 йилда 594 минг нафар никоҳланувчи ОИВ ҳамда ОИТС, психик, наркологик, тери-таносил, сил касалликлари бўйича тиббий кўрикдан ўтказилган. Эндиликда никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ҳам анча соддалашди.

– Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ФҲДЁ билан боғлиқ барча маълумотлар фуқаролардан талаб қилмасдан нотариуслар томонидан электрон тизим орқали олинади, – дейди вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Д.Умурзоқова. – Никоҳда турган ёки турмаганлиги тўғрисида маълумотнома олишнинг бекор қилиниши натижасида йилига ўртача 230 мингдан ортиқ фуқаро овора бўлишининг олди олинади ва уларнинг 3,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағи тежалади.

Тарғибот тадбири давомида фармон мазмун-моҳияти акс этган инфографика, слайд ва видеороликлардан ҳам самарали фойдаланилди.

Тадбир ниҳоясида қатнашчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

А.Қаюмов, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА