Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматлари: сифат ва самарадорлик
10:56 / 2020-12-09

Наманганда Давлат хизматлари агентлиги ташкил топганига 3 йил тўлиши муносабати билан вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун медиа-тур ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари кун давомида Давлат хизматлари маркази ва унинг филилалари ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими фаолияти, уларда яратилган шароитлар, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар билан танишди.  

Жорий йилнинг март ойида қуриб фойдаланишга топширилган Наманган шаҳар Давлат хизматлари марказининг “Орзу” филиали айни пайтда Орзу массиви ва унга ёндош бўлган 12 та маҳалла ҳудудларида истиқомат қилувчи 87 мингдан ортиқ фуқарога хизмат қилмоқда. Бугунга қадар филиал томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 800 га яқин давлат хизматлари кўрсатилди.

Ижодкорлар Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасининг сайёр хизмат кўрсатишга ихтисослашган автобусда вилоят марказидан Поп туманига отландилар. Узоқ йўл босган қалам аҳли вакиллари туман марказидан 55 километр олисда жойлашган туман ДХМнинг “Истиқилол” филиалидаги қулайликларни кўздан кечирдилар.  

Бундан икки ой аввал мазкур филиални иш бошлаши вилоятнинг тоғли ҳудудидаги Истиқлол, Боён, Гулистон, Юқори Чодакбоши, Хонобод каби 11 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 31 минг 739 кишининг узоғини яқин, оғирини енгил, мушкулини осон бўлишига туртки берди. Маҳаллий тадбиркор, вилоят Кенгаши депутати Наимхон Абдураҳимов ўзига қарашли савдо дўконидан мўъжазгина хонани Давлат хизматлари маркази филиали учун беғараз тақдим этди. Ҳозирда аҳоли филиалдан 140 дан ортиқ хизмат турларидан, айниқса болаларни мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш, тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш, солиқ тўловчининг идентификация рақамини олиш, коммунал ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ масалаларда мунтазам фойдаланмоқда.

Медиа-тур жараёнида марказга келган фуқаро Ҳурматой Исмоилова беш ёшли набираси Қобилжонни мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш мақсадида навбатга қўйиш юзасидан мурожаат этди. Фуқаро мурожаати қисқа вақт ичида қабул қилиниб, унга болани боғчага жойлаш билан боғлиқ зарур тушунчалар берилди. Бу ердаги эътибор ва қулайлик ўз навбатида, кекса аёлга хурсандчилик бағишлади.

- Биз авваллари Давлат хизматларидан фойдаланиш учун қишлоғимиздан узоқ йўл босиб, туман марказига борар эдик. Арзимас юмушларни бажариш учун кўп вақт сарф этишга мажбур бўлардик. Филиал очилганидан кейин мўжазгина бино чодаклик ёш-у кексанинг кети узилмайдиган масканга айланди. Давлат хизматларидан мунтазам фойдаланиб келаман. Бу орқали кўплаб бизнес лойиҳаларимни амалга ошириб, қишлоқдошларини иш билан таъминлашга ҳам эришдим. Ҳозиргача филиалда кўрсатилган 750 га яқин хизматнинг 20 тасидан фойдаландим, дейди - ёш тадбиркор Аббосхон Полвонов.

Поп туманида жойлашган Давлат хизматлари марказида яратилган қулайликлар, кўрсатилаётган хизматлардан ҳам кўпчилик бирдек мамнун. Бунга медиа-тур жараёнида гувоҳ бўлдик.  

Журналистлар ва блогерлар иштирокидаги матбуот анжуманида Давлат хизматлари агентлиги тизимида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил  маълумот берилди. Қайд этиш жоиз, ўтган 3 йил мобайнида туман, шаҳар Давлат хизматлари марказлари томонидан 1 миллион 800 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилиб, вилоятда 45 мингдан зиёд тадбиркорга ўз бизнес фаолиятини бошлашига кўмаклашилган.

Элимиз бошига синовли келган пандемия даврида ҳам Давлат хизматлари агентлиги ходимлари бир зум бўлса-да тин олишгани йўқ. Аҳолига 515 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилгани, хусусан 17 минг 500 кишини тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишига кўмаклашилгани бунинг ёрқин исботидир. Бундан ташқари туман, шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлимларида сақланаётган 4 миллион 500 мингга яқин далолатнома ёзувларидан 4 миллион 150 мингтаси “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимига киритилди. Мазкур жараёнларга пандемия даврида уйда қолган 330 нафар ёшлар шартнома асосида жалб этилди.

Президентимизнинг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи чоғида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида эндиликда ДХМ ходимларини “маҳаллабай” тизими асосида маҳаллаларда ҳам фаолият юритишига эътибор қаратилади.

--- Тизим ишчи-ходимлари ўртасида коррупция ва таъмагирлик каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз, -- деди Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Абдусатторов. – Биринчилардан бўлиб, янгилик сифатида махсус телеграм бот ишга туширдик. Барча марказлар ва филиалларда “ишонч қути”лари ташкил этилди. “Сирли мижоз” тадбирлари кўрилмоқда. Ўтган вақт мобайнида фаолиятида камчиликларга йўл қўйган олти нафар ФҲДЁ бўлими ходимига нисбатан интизомий чора қўлланилди.

Матбуот анжуманида журналистлар ва блогерлар Давлат хизматлари агентлиги тизими фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Улар томонидан берилган саволларга бошқарма бошлиғи батафсил жавоб қайтарди.

Медиа-тур иштирокчилари тадбир якунида Поп туманиидаги 1-сонли ФҲДЁ бўлимида бўлиб, далолатнома ёзувларини рақамлаштириш ишлари қай даражада амалга оширилаётгани билан қизиқди. Туманда киритилиши лозим бўлган далолатнома ёзувларининг деярли 98 фоизи тўлиқ рақамлаштирилгани айтиб ўтилди. Шу йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, бўлимда 1018 никоҳ қонуний рўйхатга олинган, 3020 туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари қайд этилган. Шунингдек, 125 никоҳдан ажралиш, 722 фуқаронинг ўлими ҳам ёзувга киритилган.  

Журналистлар ва блогерлар медиа-турда никоҳ ҳамда туғилганликни қайд этган фуқароларга гувоҳномалар топшириш маросимига ҳам иштирок этди.  

Оқилхон Дадабоев,  Аббосбек Сатторов (сурат), ЎзА