Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматлари қамрови ва тезкорлиги янада ошади
16:20 / 2021-05-17

Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, давлат хизматлари кўрсатиш мамлакатимиздаги энг кенжа соҳалардан бири ҳисобланади.

Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 декабрдаги фармони ва қарорига асосан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилган эди.

Бунга уч йилдан сал ошди, холос. Аммо бу йўналишда қилинган ва бажарилган ишлар кўламини бир неча ўн йилликлар билан ўлчаш мумкин. Масалан, 2018 йилнинг 1 апрелигача Давлат хизматлари марказлари томонидан тадбиркорлик субъектларига 37 турдаги хизматлар кўрсатилган бўлса, бугунги кунда аҳолига ҳамда тадбиркорлик субъектларига 160 га яқин давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Бир кунда кўрсатиладиган давлат хизматлари ўртача 57 мингтадан ортиқни ташкил этади. Буларнинг барчаси аҳолига катта қулайлик яратмоқда. Аммо бугунги дунёнинг талаблари ўзгача. Яъни соҳадаги қамровни ва тезликни янада ошириш шарт.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 10 май куни давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигига оид тақдимот билан танишди. Унда йил якунига қадар давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 200 тага етказиш вазифаси қўйилди.

2018 йилда давлат хизматлари кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантиришга старт берилди. Биринчи галда соҳа ислоҳ қилиниб, 70 дан зиёд хизматлар соддалаштирилди. Рақамларга тўхталсак, талаб этиладиган ҳужжатлар сони 221 тадан 95 тага, хизмат кўрсатишнинг умумий муддати қарийб 500 кундан 271 кунга қисқарди. Ҳудудларда давлат хизматлари марказлари учун 145 та янги бино ва 115 та филиал барпо этилди.  

Таҳлилларга кўра, айни дамда 22 фоиз ёки 157 турдаги давлат хизматлари замонавий марказлар орқали кўрсатилмоқда. Бу аҳоли учун катта қулайлик дегани, албатта. Бошқача айтганда, марказлар халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилувчи ноёб майдончага айланди.  

Мисол учун 18 турдаги маълумотномаларнинг бекор қилиниши билан йилига 10-12 миллион аҳолининг оворагарчилигига чек қўйилади ва 150 миллиард сўм маблағнинг иқтисод қилиниши таъминланади. 10 га яқин электрон тизимнинг ишга тушиши ортидан 100 тонна қоғоз ҳамда 1,4 миллиард сўм маблағ тежалади.

Бироқ бу чегара эмас. Қулайликларни янада ошириш имкони мавжуд ва эндиликда давлат хизматларини кўрсатиш соҳаси янги босқичга қадам қўймоқда.

Унча узоқ эмас, 4-5 йил нари- берисида, давлат хизматлари ҳақида сўз кетганда, кўз ўнгимизда узундан-узоқ навбатлар, оворагарчиликлар гавдаланарди. Бугун умуман бошқача манзарани кўриш мумкин. Давлат хизматларидан фойдаланмоқчимисиз, энди танлов имкониятига эгасиз. Истасангиз, давлат хизматлари марказига боринг, мобиль илова ёки веб-портал орқали электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятига ҳам эгасиз. Қолаверса, почта бўлимларида ҳам электрон давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган.

Хуллас, айнан давлат хизматларидан фойдаланиш бобида имкониятлар анча кенгайди. Жорий йилдан давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилмоқда. Хизматлардан фойдаланиш нафақат оворагарчиликка чек қўйиши, вақт ва маблағни тежаши, балки тизимнинг электронлашувида ҳам жуда муҳим.

Соҳани янада ривожлантириш мақсадида йил якунигача давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 200 тага етказилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. 716 та давлат хизматининг муддати, тўлов миқдори ва бошқа талабларини соддалаштириш, кун тартибидаги муҳим масалалардан.

– Давлат хизматлари ўтган йил якуни билан 142 турда бўлган бўлса, ҳозирда 157 тага етди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев. – Масалан, автотранспорт воситаларини расмийлаштириш, давлат рақами белгиси олиш, хорижий паспорт расмийлаштириш, яъни одамлар кундалик ҳаётида энг кўп эҳтиёж сезадиган хизматлар сифатини ҳам ошириш бўйича иш олиб боряпмиз. Олис ҳудудлар, яъни тоғли, чегара ҳудудлар ва вилоят ёки туман марказидан узоқда жойлашган ҳудудларда филиаллар очиш ҳамда ушбу филиаллар орқали кўрсатиладиган хизматлар сифати ҳам марказдагидан қолишмайдиган даражада бўлиши юзасидан топшириқ берилди. Энг оғир ҳудудлар танлаб олиниб, замонавий компьютер, техника, интернет, мебел ва бошқа жиҳозлар етказиш бўйича ишлар бошланди. Ўша ҳудудда яшовчи аҳоли ичидан ходим танлаб олиниб,  халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда малакасини ошириб бориш ҳам режалаштирилган.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида Кегейли, Қашқадарё вилоятида Деҳқонобод, Нишон, Чироқчи туманлари, Сурхондарё вилоятида Шўрчи, Бандихон, Қизириқ туманлари ва шунга ўхшаш туманлар танлаб олинди. Давлатимиз раҳбари томонидан шундай ташаббус билдирилдики, ўша туман ҳудудларидан дарс юкламаси камроқ бўлган ўқитувчилардан ярим штат бирлигида ишга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Уларга ҳам қўшимча даромад.

– Бу тизим биринчи навбатда аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратмоқда, – дейди тадбиркор Бахтиёр Соатов. – Мен ўзим тадбиркорман. Фирмани очиш ёки қандайдир рухсатномалар олиш керак бўлганда камида бир ой вақт кетарди. Давлат хизматлари марказларида эса тегишли ҳужжатлар олиб келинса, 15-20 дақиқада ишингиз битади. Ҳам вақт тежалади, ҳам ортиқча оворагарчилик йўқ. Югур-югур камайгандан кейин одамда нимадир иш қилишга иштиёқ пайдо бўлади. Бунинг эса  тадбиркорлик учун аҳамияти катта. Яна бир қулайлик шу бўлдики, онлайн электрон давлат хизматларидан фойдаланиш. Яъни сиз бугун дейлик соат 14.00 дан 15.00 гача вақтингиз бўлса, мобиль иловага кириб, шу вақтга ёзиласиз. Кун бўйи ўтирмайсизда, ўша белгиланган вақтда келиб, хизматдан фойдаланиб кетаверасиз.

Яна бир муҳим жиҳат– бу тизимни рақамлаштириш. Фуқаролик ҳолати далолатномалари архивидаги 60 миллион дона қоғоз шаклидаги маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилгач, 660 минг фуқаронинг мурожаати ташкилотга келмасдан туриб, тезкор ҳал бўлди. Бу аҳолининг камида 8 миллиард сўм маблағи иқтисод қилинди, дегани.

Ҳисоб- китобларга кўра, бугунги кунда атиги 11 фоиз хизматлар электрон шаклда кўрсатилмоқда. Бунинг асосий сабаби, зарур маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилмаган. Мисол учун, Маданият вазирлиги томонидан кўрсатиладиган 25 турдаги давлат хизматларидан бор-йўғи бир турдаги хизматдан электрон шаклда фойдаланиш мумкин. Ички ишлар органлари томонидан эса 46 турдаги давлат хизмати кўрсатилади, аммо уларнинг 7 турдагиси онлайн шаклда. Соғлиқни сақлаш муассасалари тақдим этадиган 21 турдаги хизматнинг 5 турдагиси рақамлаштирилган.

Янги маълумот етказиш базаси, ситуацион марказ, “Call-markaz” фаолиятларини йўлга қўйиш устида иш олиб бориляпти. Қайд этилишича, бу якуний босқичда. Давлатимиз раҳбари тақдимотда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони ва сифатини ошириш бўйича кўрсатма берди. Рақамлаштириш айнан марказларда юзага келадиган тирбандликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса хизмат сифатини янада оширади.

Яна бир муҳим масала: ситуацион марказ орқали нафақат видео, аудио кузатув, балки хизматларнинг қаерда амалга оширилаётгани, қайси хизмат турига бўлган талаб ошаётгани, қайси хизмат турининг сифати камайгани ёки қайси ходим қанча хизмат кўрсатгани, қайси ходим дангасалик қилгани бўйича таҳлилни чиқариб беради.

Мобиль иловалар хизмат кўрсатиш соҳасини бир неча баробарга тезлаштирди. Бу каби имкониятларни давлат хизматлари кўрсатиш тизимига ҳам жорий этиш зарур. Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобиль иловаси орқали 35 турдаги хизмат кўрсатиш мумкин, холос. Ундан атиги 11 таси интерактив хизматлар. Электрон идентификация тизими ҳамда электрон рақамли имзо билан ишлаш ривожланмаган.

Хўш, бу борада аҳолини қандай янгиликлар кутмоқда?

– Вазирлик томонидан мобиль иловани такомиллаштириш бўйича алоҳида чора-тадбирларни белгилаб олганмиз, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшод Мирзаев. – Яъни мобиль иловага кириш босқичидан бошлаб, унинг дизайни, кўриниши, тайёрлаш ҳамда хизматлар сонини йил якунига қадар 100 тага етказишни режалаштирганмиз. 60 та давлат хизматини электрон кўринишга ўтказиб, Ягона интерактив давлат хизматларида жорий қилинади. Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, тиббий ёрдам кўрсатиш учун йўлланма, яъни ордер олиш хизмати рақамлаштирилади. Тўғрисини айтиш керак, бу таниш-билишчилик, бюрократия, коррупция омиллари учраб турадиган йўналиш. Шу сабабли бу хизматларни электрон шаклда тақдим қилиб, шаффофликни таъминлашни мақсад қилганмиз.

“Марказ–маҳалла–фуқаро” тамойили бўйича давлат хизматларининг оилаларга кириб боришига эътибор қаратилади.  

Электрон давлат хизматларини кўрсатишда яна бир ўзига хос инфратузилма –бу почта бўлинмаларидир. Мисол учун, Швейцариянинг “Швифспост” оператори кейинги тўрт йилда асосий эътиборни почта бўлимларида давлат хизматларини кўрсатишга қаратмоқчи. Шу нуқтаи назардан олис ҳудудлардаги 500 дан зиёд почта бўлимларида 17 турдаги давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилиши айни муддао.

Режага кўра, аҳолига янада қулайлик тақдим этиш мақсадида янги механизмлар жорий этилди. Жумладан, ногиронлиги бўлган ҳамда Ягона ижтимоий реестрга киритилган фуқароларга тўловлар бўйича 50 фоизлик чегирма тақдим этилади. Шу тариқа 1 миллионга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қамраб олинади. Давлат хизматини кўрсатиш муддати 3 иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда хизмат учун тўланган тўлов қайтариб берилади.

Тан олиш керак, ушбу соҳадаги ислоҳотлар одамларнинг оворагарчилигига барҳам бериб, ортиқча харажатларни чеклайди. Энг муҳими, энди аҳоли бир даста қоғоз билан бир эшикдан иккинчи эшикка чопмайди. Ушбу саъй-ҳаракатлар давлат хизматларини кўрсатиш соҳасининг аҳоли ва тадбиркорлар рози бўладиган майдонга айланаётганидан ишора.

Нурилло Насриев, ЎзА