English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматлари олис қишлоқларга ҳам етиб борди
15:28 / 2022-07-17

Навоий вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан “Ҳуқуқий ахборот кунлари” лойиҳаси доирасида “Ҳуқуқий акция” ўтказилиб, соҳа вакиллари Нурота туманининг олис “Cентоб” қишлоғида бўлишди.

Дастлаб тадбир иштирокчилари Нурота тумани адлия бўлими давлат хизматлари ва юридик хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида туман адлия бўлими томонидан 300 га яқин фуқаро мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг 200 таси ижобий ҳал этилган, 92 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 8 та мурожаат тегишлилигига кўра давлат органлари ва ташкилотларига йўналтирилган.

Бундан ташқари, юридик хизмат кўрсатиш марказига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан келиб тушган 5000 дан ортиқ ҳужжатлар қонун талаблари асосида экспертизадан ўтказилган. Туман Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорларга 9 минган ортиқ, шунингдек, 37 маротаба олис ҳудудларга сайёр давлат хизмати кўрсатилган.

"Сентоб" қишлоғи туман марказидан қарийиб 200 километр узоқликда жойлашган. Бу ернинг табиати, ҳавоси ўзгача. Шу боис, ҳудудда экотуризм ривожланган. Ҳар бир кўчада алоҳида меҳмон уйлари мавжуд. Ҳудуд аҳли асосан чорвачилик билан шуғулланади. 

Акция доирасида қишлоқ аҳолисининг ФҲДЁ ва давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи ўрганилди ва жойида хизмат кўрсатилди. Жумладан, аҳоли уй кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, никоҳ ва туғилганлик гувоҳномаларини олиш, электрон имзо ва бошқа турдаги давлат хизматларидан фойдаландилар. 

– Қишлоғимизда "ЗАГС"дан ўтиш биринчи марта шу тартибда амалга оширилди. Чунки бу жараённи аввал кўрмаганман. Биз билан бирга яна икки оила никоҳдан ўтди. Қишлоқни ўзида никоҳ гувоҳномасининг келтирилиб берилиши оила иқтисоди учун енгиллик ва бу зўр имконият, – дейди Дилдора Сувонова.

Акция доирасида 3 нафар фуқаро тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, 5 нафар фуқаро ва тадбиркорга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди. Сайёр хизмат жараёнида 30 га яқин давлат хизмати кўрсатилди.

Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири