Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматлари марказлари янги бинода иш бошлади
19:08 / 2020-11-06

Жиззах вилоятининг Арнасой ва Шароф Рашидов туманларида Давлат хизматлари марказининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.

Арнасой туман давлат хизматлари марказининг махсус лойиҳа асосида замонавий меъморий услубда барпо этилган янги биносида жамоа ходимлари ва фуқаролар учун барча қулайликлар мавжуд. Электрон навбат, инфокиоск, кутиш зали, болалар майдончаси барпо этилган. Деворлардаги мониторларда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар намойиш этилади.

Иншоотда ДХМдан ташқари, Президент  халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳам жойлашгани фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида ҳам давлат хизматларидан фойланиш, ҳам ваколатли органга мурожаат қилиш имкониятини яратган. Марказда банкомат, тўлов кассаси узлуксиз ишлаб турибди.

Ш. Рашидов туманида ҳам давлат хизматлари маркази учун худди шундай замонавий бино қуриб битказилди. Бинони фойдаланишга топширишга бағишланган маросим шу туманда  вояга етган   юртимизнинг  атоқли адиби,  давлат жамоат арбоби арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 103 йиллиги санасига тўғри келганлиги муносабати билан янада тантанали ўтди.

Туман давлат хизматлари маркази шу вақтгача Жиззах шаҳри ҳудудида фаолият юритиб келаётган эди. Энди бу муассаса туман  маркази – Учтепа шаҳарчасида давлат хусусий шериклик асосида барпо этилган барча қулайликларга эга янги замонавий бинода иш бошлади.

Бошқа туманларда каби бу бинода ҳам  ДХМ билан биргаликда Президент халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳам фаолият юритади. Бинода болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, кафе, кичик мажлислар зали ташкил этилган.

Ҳар иккала туманда янги бинолар фойдаланишига топшириш маросимлари  ДХА Жиззах вилоят бошқармаси раҳбарияти, туманлар ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди. Очилиш маросимидан сўнг йиғилганлар марказдаги кўрсатилаётган хизмат турлари, қулайликлар, яратилган шароитлар билан танишдилар.

Бўлиб ўтган тантанали маросимларда сўз олганлар янги замонавий  биноларнинг қурилиши аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада яхшилаш билан бирга тобора обод бўлаётган туманлар кўркига кўрк бўлиб қўшилганлигини алоҳида таъкидлашди.

Ўтган йилларда  вилоятнинг Мирзачўл, Дўстлик, Зарбдор, Янгиобод, Фориш, Зомин туманлари ва Жиззах шаҳрида барча қулайликларга эга Давлат хизматлари марказлари биноси фойдаланишга топширилган эди.

– Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Давлат хизматлари агентлиги тизимидаги марказлар вилоятнинг барча ҳудудларини қамраб олди, –  дейди Адлия вазирлиги ДХА Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзаков. 

– Марказларнинг янги иншоотлари қурилиши давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга оширилаётгани  уларнинг тез ва сифатли битказилишида муҳим омил бўлаётир. Аҳолининг келиб-кетиши учун қулай бўлган ҳудудларда, замонавий инновацион ёндашувларга асосланган иншоотлар қурилиши билан хизматлар тури  кўпайиб, хизмат кўрсатиш маданияти ўсмоқда.

Вилоятининг барча ҳудудларида аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини  тўла қондириш учун  янги бинолар  қуриш давом этаётир.