Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Давлат хизматлари марказлари ташкил этилган 2017 йилда бу тизим халқимизга қулайлик яратиши, бюрократия ва коррупцияга чек қўйиши мақсад қилинган.
Давлатимиз раҳбари бу тизимдан кўзланган энг катта мақсад одамларнинг оғирини енгил қилиш эканини таъкидлар экан, ҳамма ҳудудларни ва хизматларни шу тизимга қамраб олсак, сарсонгарчилик, адолатсизлик, коррупция бўлмайди, деб алоҳида қайд этган.
Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, шаҳар ва туманларда унинг марказлари ташкил этилди.
Давлат хизматлари марказларини одамлар учун қулайликлар марказлари, десак асло муболаға бўлмайди. Чунки ҳар қандай хизмат бир бинода, бир жойда. Энди аввалгидек идорама-идора юришга асло ҳожат йўқ.
Давлат хизматлари марказлари янги ташкил этилган 2017 йилда 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозир уларнинг сони 467 тага етди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилаётган хизматлар сони эса 771 тани ташкил этмоқда.
Ташриф буюрувчилар учун қулай, кўркам бўлган 208 та замонавий ва инновацион давлат хизматлари марказлари фаолият юритмоқда. 200 га яқин маҳаллада 24/7 тартибида ишлайдиган интерактив киосклар ўрнатилиб, улар орқали 60 га яқин давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилди.
Давлат хизматларини ариза берувчининг буюртмасига асосан жойига чиққан ҳолда кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган.
Тезкор, шаффоф, қулай. Бу сўзлар давлат хизматлари марказлари фаолиятидаги муҳим шиорга айланди. Эътиборлиси, хизматлардан фойдаланувчилар ҳам буни амалда ҳис қилаётганидир.
Кейинги йилларда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини ошириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, давлат хизматларининг фойдаланувчи учун қулай шаклларини (user-friendly)ни йўлга қўйиш, ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш ва масофадан туриб давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилди.

21 турдаги давлат хизматини “проактив”, 68 тасини “композит” шаклларда ҳамда 26 тасини автоматлаштирилган тартибда кўрсатиш йўлга қўйилди. 200 га яқин давлат хизмати “3 қадам” ҳамда “фойдаланувчи учун мослаштирилган” тамойиллари асосида соддалаштирилди.
Давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) усули жорий этилиб, фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш амалиёти бекор қилинди.
Миллий ҳайдовчилик, туғилганлик ҳақида бирламчи ва такрорий гувоҳномалар, хорижга чиқиш биометрик паспортини почта орқали етказиб бериш жорий этилди.

Қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш соҳасида 2023 йил 1 январдан бошлаб бешта соҳа бўйича тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни синовдан ўтказишни назарда тутувчи “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий тартиби жорий этилди.
7 та лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб - таомиллари тўлиқ бекор қилинди. 6 та лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомили бирлаштириш орқали бекор қилинди. 3 та лицензия ва рухсатнома хабардор қилиш шаклига ўтказилди. “Лицензия” ахборот тизими орқали 140 дан ортиқ давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилди.
Давлат хизматларини мониторинг қилиб бориш бўйича Адлия вазирлигида ўрнатилган Ситуацион марказ 10 дан ортиқ ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Бу орқали ахборот тизимлари орқали келиб тушадиган ва қайта ишланадиган катта ҳажмли маълумотлар таҳлил қилинади.
Марказларда электрон навбатни бошқариш тизими – Qmatic йўлга қўйилган. Давлат хизматлари кўрсатишда dxa.gov.uz; birdarcha.uz; license.gov.uz ахборот тизимларидан фойланилмоқда.
Хизмат кўрсатишни янада қулайлаштириш мақсадида 43 марказда хизматлар “осон”, “ўрта” ва “мураккаб” тоифаларга ажратилди. 30 дан ортиқ давлат хизмати натижаси почта орқали етказилмоқда.
Марказларда нафақахўрлар, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бўлган фуқароларга навбатсиз хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилди.
“Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчак”лари ташкил этилди. Фуқаро томонидан аризани тасдиқлаш, аризани юклаб олиш, электрон ҳужжатларни операторга юбориш, электрон рақамли имзо (ЭРИ) калитини фуқарога юбориш, операторни баҳолаш имконини берувчи “Адлия QR” тизими ишлаб чиқилди.
Давлат хизматлари марказлари орқали 2023 йилда 8,8 миллион, 2024 йилда 12,3 миллион, 2025 йил 6 ойликда 12,7 миллион, my.gov.uz орқали 2023 йилда 22,6 миллион, 2024 йилда 33,7 миллион, 2025 йил 6 ойликда 20,7 миллион давлат хизмати кўрсатилган.
Ўртача хизмат кўрсатиш вақти 2023 йилда 15 дақиқани ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 10, 2025 йилда 4 дақиқани ташкил этмоқда.
Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги натижасида Ўзбекистон “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича дунёда 8-ўринни эгаллаган.
Албатта, бу тизимда қулайликлар яратиш давом эттирилади. Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхати (қайта рўйхат)дан ўтказишда жамиятнинг муассислари (таъсисчилари)ни Face-ID тизими орқали идентификация қилиш режалаштирилган.
“Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматларни композит шаклда кўрсатиш йўлга қўйилади. Савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлар, аэропортлар, темирйўл вокзаллари, метро бекатлари, банклар, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда давлат хизматлари марказларида инфокиоск шохобчаларини ташкил этиш ва уларнинг сонини 1,1 мингтага етказиш кўзда тутилган.
Кўриниб турибдики, буларнинг барчаси аҳоли манфаатларига хизмат қилмоқда. Бу юртимизда мустақиллик йилларида барча нарса инсон учун, унинг қадрини юксалтириш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижаларидан биридир. Бошқача айтганда, ҳаммаси Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Норгул Абдураимова,
ЎзА