Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилганлар давлатнинг одамларга эътиборини сезмоқда. Бундай марказларда кўрсатилаётган хизматлардан аҳоли ва тадбиркорларнинг хабардорлигини ошириш муҳим саналади.
Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказида ҳам мурожаат қилувчилар учун барча шароитлар яраталган. Ушбу марказда хорижий инвестор иштирокидаги яна бир корхона давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда ДХА Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
“STANNUM TAURUS” масъулияти чекланган жамияти рангли металл рудаларни қазиб олиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона Пахтачи туманида ташкил этилган бўлиб, айнан қалай қазиб олиш билан шуғулланади.
– Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказида яратилган қулайликлар очиғи таҳсинга сазовор, – дейди Элчи Дилёр Ҳакимов. – Айниқса, Ўзбекистонга инвестиция киритиб, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ишбилармонлар учун жуда кенг имкониятлар йўлга қўйилибди. Белгия, Нидерландия ва Люксембургда ҳам бундай марказлар бор, лекин улар биздагиларга нисабатан анча кичик ва электрон тизимга ўтган. Тан олиш керак, хизмат кўрсатиш сифати ривожланган давлатларникидан қолишмайди. Биз ташкил этаётган корхонанинг атиги бир неча дақиқада давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳам мунга мисол.
Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимовнинг таъкидлашича, устав фонди 50 миллион евро бўлган корхона тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 2 минг нафар фуқаро иш билан таъминланиши мумкин.
– Бугунги кунда марказларимизда 160 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда, – дейди ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси масъул ходими Бегзод Исақов. – Ўтган йилда марказлар орқали фуқароларга жами 780 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилди. Бунда давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектларининг улуши катта. Бу уларга қаратилган эътибор маҳсулидир. Биласизми, ҳар бир марказда инвесторлар хонаси ажратилган бўлиб, улар махсус жиҳозланган хонада хизматлардан янада тезкор қулай ва шаффоф фойдаланишлари мумкин.
Ўтган йил жами 30 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Хусусан, 12 минг 76 та юридик шахс ҳамда 18 минг 261 та юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъекти шулар жумласидандир. Уларнинг 53 таси хорижий инвестиция иштирокидаги (қўшма ва хорижий) корхоналардир.
Икром Аввалбоев, ЎзА