French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Давлат хизматлари кўрсатиш соддалашмоқда
11:12 / 2022-08-03

Бугунги кунда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот, қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжат “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, уларга қулайлик ва шарт-шароитлар яратиб бериш учун хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 апрелдаги “Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам ана шундай ҳужжатлардан биридир.

Ҳозирда фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш марказлар орқали 172 турдаги давлат хизмати кўрсатилаётган бўлса, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 300 тани ташкил этмоқда. Мазкур фармон эса давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартиришга қаратилган.

– Ҳар бир ҳужжат халққа осон бўлиши ва ҳужжатбозликни камайтириш, давлат хизматига иши тушганда одамлар осонгина уни ҳал қилиши, бюрократик тўсиқларсиз муаммосига ечим топишга эришишни кўзлаб чиқарилмоқда, – дейди Навоий вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳодир Равшанов. – Дейлик, фуқаро уй сотадими, машина оладими, бизнес қиладими, саёҳатга чиқадими, давлат томонидан берилаётган имтиёздан фойдаланадими, хуллас, кундалик ҳаёт ташвишларини югур-югурларсиз амалга ошириши лозим. Бир юмушни бошлаш учун керак бўладиган ҳужжатлар аввалгидай “занжирсимон” бир-бирига уланган муаммоларга тақалиб қолмаслиги учун ҳам давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш каби вазифалар қонунлар билан тартибга солинмоқда.

2022 йил 1 августдан давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий этилди.

Мобил-ID тизими - фуқароларга электрон рақамли имзодан фойдаланмаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратади. Фақат бундан молиявий хизматлар мустасно. Масалан, ҳозирда 3 миллиондан ортиқ фаол электрон имзо мавжуд бўлиб, уларнинг амал қилиш муддати 2 йилни ташкил этади. Мобил-ID тизими эса мобиль алоқа хизматларидан фойдаланаётган барча аҳоли учун алоҳида флеш-картани олиб юрмасдан хизматлардан фойдаланиш имконини беради.

Мазкур фармон билан Адлия вазирлигининг келгуси беш йилликдаги устувор фаолият йўналишлари ҳам белгиланди.

– Унга кўра, “Давлат хизматларини кўрсатишда фуқаро эътибор марказида” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизими модернизация қилинади, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умиджон Ҳотамов. – Марказлар фаолиятида қўлланилаётган ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларини кенгайтириш, аҳолининг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш даражасини кескин ошириш, иш юритишни “қоғозсиз” олиб бориш белгиланди, композит давлат хизматлари кўрсатиш амалиёти кенгайтирилади. Хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, фуқаролар ва хусусий секторга янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб тижорат банклари, телекоммуникация ташкилотлари, хусусий тиббиёт муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари, суғурта ташкилотлари сингари нодавлат ташкилотларга “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиниши мумкин бўлган маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилади. Чунки, айни кунда давлат хизматларини кўрсатишда фойдаланиладиган маълумотларнинг катта қисми рақамлаштирилмаганлиги “Электрон ҳукумат” тизимининг барча имкониятларидан фойдаланиш даражасини чеклайди.

Фармон билан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади.

– Энг муҳими, энди давлат хизматидан фойдаланишда ундириладиган тўловларни Марказларда жойлашган тижорат банклари шохобчасидан нақд ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширганда икки фоизгача бўлган тижорат банкининг комиссион суммаси учун алоҳида тўлов ундирилмайди, – дейди Умиджон Ҳотамов. – Давлат хизматлари учун тўловларни мурожаатчиларнинг ихтиёрий танловига асосан халқаро тўлов картаси орқали хорижий валюталарда амалга ошириш имконияти яратилади. Марказларда давлат хизматлари учун тўловларни қабул қиладиган тижорат банклари шохобчаларини ижара тўловларини ундирмаган ҳолда беш йилгача бўлган муддатга жойлаштириш бўйича танлов ўтказилади.

Мазкур фармонда ФҲДЁ тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимини қайта кўриб чиқиш ва фойдаланиш учун қулай шаклга келтириш белгиланган.

Фармонда белгиланганидек, электрон шаклда кўрсатиладиган хизматлар 30 фоиздан 70 фоизга ошади. Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган хизмат турлари 172 тадан 300 тага кўпайтириш, ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 300 дан 450 тага, мобиль илова орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини эса 60 тадан 250 тага кўпайтириш белгиланди.

Абдували Бўриев, ЎзА