Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Давлат хизматларини кўрсатиш сифатини аҳоли томонидан баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом;
Давлат хизматлари кўрсатилишида асоссиз рад этилган аризалар юзасидан ундирилган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг ваколатли органларга йўналтирилган қисмини улар томонидан ариза берувчига қайтариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорда тўрт ой муддатда:
а) Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматларини жойида баҳолаш имконини берадиган QR-кодларни яратувчи модуль ишлаб чиқиш ҳамда давлат хизматларини аҳоли томонидан баҳолаш имконияти яратилишини таъминлаш;
б) ЯИДХП ва “Лицензия” ахборот тизимида ваколатли органлар томонидан давлат хизматини кўрсатиш асоссиз рад этилганда, тегишли тўловларнинг ваколатли органларга йўналтирилган қисмини ариза берувчига қайтариш бўйича мурожаат қилиш ҳамда адлия органлари хулосалари асосида ваколатли органлар томонидан тегишли тўловлар қайтарилгани ҳақидаги хабарномаларни ариза берувчи ва адлия органларига юборишни йўлга қўйиш белгилаб берилган.
Давлат хизматларини кўрсатувчи вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари раҳбарлари:
ўз фаолият йўналишида Давлат хизматлари ягона реестрида назарда тутилган давлат хизматларини аҳоли томонидан махсус QR-кодлар орқали ЯИДХПда баҳолаш имкониятини яратади;
давлат хизматлари кўрсатилиши, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани ҳамда баҳолаш натижаларини ходимларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) сифатида белгилаш чораларини кўради;
баҳолаш натижалари бўйича қўйилган баҳо ва билдирилган фикрлар асосида уларнинг доимий равишда таҳлил қилиб, баҳолаш рейтингида ўз фаолият йўналишини яхшилаш чораларини кўриб боради.
Давлат хизматларини кўрсатувчи вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига шахсий жавобгарлик юклатилади.
Адлия вазирлиги аҳоли томонидан бевосита қўйиладиган баҳо ва билдириладиган фикрлар асосида давлат хизматларининг сифатини яхшилаш бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини доимий назорат қилиб боради.
ЎзА